10 июль куни «Бахти Ташкентский» номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев, унинг ўғли, акаси — жами 37 нафар судланувчи устидан суд тергови якунланиб, музокара босқичига ўтилди, дея хабар бермоқда Kun.uz.

Маълум бўлишича, Бахтиёр Қудратуллаевга дастлабки тергов органи томонидан жиноят иши юзасидан 44 та эпизод бўйича айб эълон қилинган.

Прокурор музокара нутқида Бахтиёр Қудратуллаевни 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш, шунингдек, Жиноят кодексининг 34-моддаси (Рецидив жиноят) 3-қисми «а» банди билан ўта хавфли рецидивист, деб топишни сўради.

«Жиноят кодексининг 242-моддаси 1-қисми билан Бахтиёр Қудратуллаевни 18 йилга озодликдан маҳрум қилишни, 242-модда билан айбдор деб топишни ва шу модда билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни, 165-модда 3-қисми „а“ ва „б“ банди билан айбдор деб топиб, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни, 168-модда 4-қисми „а“ ва „б“ бандлари билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни, 104-модда 3-қисми „д“ банди билан айбдор деб топишни ва шу модда билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни, 109-модда 2-қисми билан айбдор деб топишни ва 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни, 276-модда 2-қисми „а, б“ бандлари билан айбдор деб топишни ва шу модда билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни, 96-моддага асосан гиёҳвандликдан мажбурий даволаш чорасини қўллашни, ЖК 59-моддасига асосан узил-кесил 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни, 96-моддасига асосан тиббий йўсиндаги мажбурий чорани қўллашни, 34-модда 3-қисми „а“ банди билан ўта хавфли резидент деб топиб жазони махсус тартибли колонияда ўташ белгиланишини сўрайман», — деган прокурор.

Давлат айбловчиси санаб ўтган моддалар — жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларга доир жиноятларни кўзда тутади.

Прокурор, шунингдек, судланувчи Бахтиёр Қудратуллаевнинг ўғиллари — Бекзод Зафаровга 11 йил, Ихтиёр Қудратуллаевга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўраган.

Кейинги суд мажлисида адвокат ва судланувчилар тингланади. Суд 15 июлга қадар танаффус эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, 5 июнь куни бўлиб ўтган суд мажлисида Бахтиёр Қудратуллаев давлат ташкилоти вакиллари унга алоқага чиқиб, мамлакатда ёшлар, спортчилар орасида пичоқбозлик кўпайиб кетаётгани учун «кўча»ни тартибга солишни сўраганини айтганди.

Судья «Сиз давлат ташкилотида расмий ишлаганмисиз?» деб сўраган. Судланувчи эса ёшлигидан бошлаб, умрининг асосий қисми қамоқда ўтганини таъкидлаган.

«Ёшлигингиздан ўтирган бўлсангиз, давлат сизга қандай топшириқ бериши мумкин?» — деган судья. «Буни улардан сўраш керак», — дея жавоб қайтарган «Бахти Ташкентский».

Судья «Тартибга солишга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг кучи етса керак, тўғрими?» — дея савол берган. Бахтиёр Қудратуллаев «тўғри», деган. «Унда нима учун давлат сизга топшириқ берган?» дея такрорий савол берган судья.

Бахтиёр Қудратуллаев бунга жавобан ўша йиллари Ўзбекистонда ёшлар ва спортчилар орасида пичоқбозлик кўпайганини, давлат ташкилоти улар билан ҳамкорлик қилгач, бу жиноятчилик 60 фоизга камайгани ҳақида маълумотлар айтилганини билдирган. У билан алоқага чиққан давлат ташкилоти масъуллари шундай маълумот беришганини қўшимча қилган. Бироқ уларнинг айнан ким эканлигига аниқлик киритмаган, судья ҳам бу ҳақда ундан сўрамаган эди.