Электр энергиясини ҳисоблашнинг янги биллинг тизими 1 августдан жорий этилади. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» вакилига таяниб Spot хабар бермоқда.

Ҳозирда корхона истеъмолчиларига етказиб бериладиган электр энергияси ҳисоби 2012 йилда жорий қилинган биллинг тўлов тизими асосида юритилади. 2023 йил сентябрида президент электр энергияси улгуржи ва чакана бозорлари механизмларига босқичма-босқич ўтиш концепциясини амалга ошириш бўйича «йўл харитасини» тасдиқланганди. Унга кўра, «ҲЭТ» 2024 йил охиригача янги биллинг тизимини жорий этиши керак эди.

Йил бошида давлат раҳбари электр, газ, сув, иссиқлик, чиқинди, «квартплата», солиқ тўловлари бўйича хонадоннинг ягона биллинг ҳисобрақамини жорий қилиш кераклигини таъкидлаганди.

«ҲЭТ» бошқарув раиси биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаевнинг қайд этишича, ҳозирда мазкур тизим синов тарзида Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жорий этилган.

«Бизга замонавий биллинг тизими керак эди, 2022 йилнинг охирида янги тизим бўйича техник шартлар ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 1 августидан бутун мамлакатда мазкур тизим янгиланади», — деди у.

Хабарда айтилишича, амалдаги тизимда абонентнинг исм-фамилияси, паспорт маълумотлари ва ҳисобрақами бўлса, янги тизимда абонентнинг кадастр, битта одам номида нечта ҳисобрақам борлиги каби ахборотлар мавжуд бўлади.

Янги тизимда мониторинг ишларини олиб бориш мақсадида истеъмолчининг шикоят ва таклифлари, уларнинг сони ҳам ёзиб борилади. «Умуман бошқа биллинг бўлади», — деди Алвар Ғайбуллаев.

Бундан ташқари, тизимнинг мобил иловаси ҳам ишлаб чиқилиб, у орқали амалга оширилган тўловлар ҳамда истеъмол қилинган электр энергияси миқдорини онлайн олиш мумкин бўлади.

Ғайбуллаевнинг айтишича, ҳозирда аҳолининг «ақлли» ҳисоблагичлар билан таъминланганлик даражаси 90 фоизни ташкил этади. 1 августгача қолган истеъмолчиларда ҳам шундай ҳисоблагичлар бўлади, жами абонентлар сони 8,5 миллионга етади, дейилади хабарда.

«Аҳоли кўпаймоқда, уй-жой қурилмоқда, ишлаб чиқариш ортмоқда. Шундай экан, кўрсаткични 100 фоизга етказиб бўлмайди», — дея қўшимча қилди «ҲЭТ» вакили.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг 2017 йил 14 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистонда 2020 йил охиригача коммунал хизматлар учун ягона ҳисоб-китоб тизимини яратиш режалаштирилган эди. 2021 йилда экспертлар ягона биллинг тизимини жорий этишдаги муаммоларни муҳокама қилганди.

Аслида янги биллинг тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш 2022−2023 йилларга режалаштирилган эди. «ҲЭТ» 2022 йилда бунинг учун 13 миллион доллар сарфлаган.