Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Андижон вилоятидаги Shangfeng — Bridge of Friendship цемент заводига қарши антидемпинг иши қўзғатди, деб хабар қилди ташкилот матбуот хизмати.

Фарғона водийсида фаолият юритаётган бир қанча цемент заводлари ташкилотга мазкур корхона устидан шикоят билан мурожаат қилган. Уларга кўра, Хитой билан ҳамкорликда ташкил этилган корхона ўз маҳсулотларини ички бозорда таннархидан паст нархларда сотмоқда, бунинг ортидан бошқа ишлаб чиқарувчилар банкротлик ёқасига келиб қолган.

рақобат қўмитаси, цемент, цемент заводлари, shangfeng — bridge of friendship

Қўмита янги раҳбари Ҳалилилло Турахужаев вазиятни жойида ўрганиб, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидан келган 13 та цемент заводи вакиллари билан учрашди ва уларнинг муаммоларини эшитди.

Қўмита демпинг (маҳсулотларни сунъий равишда арзон нархда сотиш) аломатларини комиссия асосида текшириш учун Shangfeng — Bridge of Friendship компаниясига сўров юборган, аммо у ўз вақтида маълумот бермаган, шу сабабли ташкилот иш қўзғатган.

Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида қиймати 500 миллион долларлик иккита цемент заводи ташкил этиш режалари ҳақида 2023 йил октябрь ойида айтилган эди. Ўшанда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов корхоналар йилига 20 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 15 миллион долларлик импорт ўрнини босиш имкониятига эга бўлишини таъкидлаганди.

Shangfeng — Bridge of Friendship апрель ойи охирида ишга туширилган, қуввати — йилига 2,5 миллион тонна цемент. Унинг асосчилари Хитойнинг Zhejiang Shangfeng Building Materials (29%), Conch International Holdings Hong Kong Limited (51%) ва маҳаллий Jo’ydam Ta`mir Qurilish (20%) компаниялари ҳисобланади.

West China Cement компаниясига тегишли худди шундай қувватга эга иккинчи завод май ойида очилган.