Солиқ қўмитаси тадбиркорларга электрон чеклар ва онлайн-НКТ (назорат-касса машиналари) суммаларни таҳрирлаш имконини беради, дея хабар қилди қўмита матбуот хизмати.

Қайд этилишича, бунда 2023 йил 1 январдан 2024 йил 30 июнгача чиқарилган чеклар бўйича суммаларни тузатиш мумкин.

Бунинг учун my3.soliq.uz платформасидаги «Юридик шахсларнинг онлайн назорат касса техникаси маълумотлари» саҳифасидан «Чек маълумотлари» бўлимига кирилади. Сўнгра қидирув тизимига чекнинг фискал модулнинг идентификаторини, санасини, рақамини киритиб, тузатадиган чек топилади ва ойнада чек суммаси таҳрирланади.

Чек суммаси ўзгартирилгандан сўнг, тадбиркорнинг таҳрирлаш натижасида юзага келадиган оқибатларни ўз зиммасига олиши ҳақидаги мурожаати (фақат битта файл) илова қилиши лозим.

Суммаси таҳрирланган чеклар ҳудудий солиқ бошқармалари ишчи гуруҳи томонидан қабул қилинади ёки рад этилади. Уларнинг жавобини шахсий кабинетдан топиш мумкин.

Чек таҳрирлаш рад этилганда, изоҳга кўра, тузатишлар киритилиб, қайта мурожаат юбориш мумкин. Мурожаатлар 10 кун — 10−25 июль кунлари қабул қилинади. Солиқ қўмитаси жараённи сўнгги кунга қадар қолдирмасликни тавсия этди.

Тадбиркорлар кешбэк тўланган бўлган чекларни тўғрилашлари мумкин, аммо бу сумма бюджетга қайтарилиши керак. Бундай ҳолда, улар ҳисоботларни қайта топширишлари керак. Қайта ҳисоб тақдим этмаслик тафовутларни (автокамерал) келтириб чиқаради.

Солиқ тўловчилар чеклардаги (2023 йил 1 январдан бошлаб берилган) суммадан ташқари бошқа маълумотларни муддатсиз таҳрирлашлари мумкин, хусусан:

  • қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаси ва ставкасини (0/12 фоиз);
  • маҳсулот ва хизматлар идентификация кодини (МХИК);
  • комитент СТИРини;
  • маҳсулот миқдорини;
  • ўлчов бирлигини;
  • тўлов турини (нақд пул ёки банк карта).

Тадбиркор чек таҳрирланиши натижасида юзага келадиган оқибатларни ўз зиммасига олиши ҳақидаги мурожаатини (фақат битта файл) илова қилиши лозим. Таҳрирланган чеклар бўйича лозим бўлган тақдирда, солиқ ҳисоботларини қайта топшириш талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев Солиқ қўмитаси E-aktiv (E-омбор) тизимидан жорий этиш мураккаблиги туфайли воз кечганини айтганди. У, шунингдек, маҳаллаларда сотиладиган препаратлар маълумотларини тақдим этувчи дорилар маркировкаси ва дориларга ҚҚС қайтарилгандан кейинги ўзгаришлар ҳақида гапирганди.