Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари вилоятларда коррупция билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларни аниқлади.

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида электр тармоқлари корхонаси бошлиғи ушбу корхонада муҳандис бўлган вақтида савдогар тадбиркорнинг электр энергиясидан 202 млн 500 минг сўмлик қарздорлигини танишлари орқали ҳисобдан чиқартириб бериш эвазига 90 млн сўм талаб қилган. У 2023 йилда тадбиркордан жами 78 млн сўм олган, аммо қарздорликни базадан ўчиртира олмасдан, барча олган пулларидан дастлабки 3 млн сўмни учинчи шахс орқали қайтариб берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги хусусий корхона раҳбари ўзининг мансабдор танишлари орқали Наманган шаҳри Давлатобод туманида барпо этилаётган «Янги Наманган шаҳарчаси»ни ичимлик суви билан таъминлаш учун Косонсой шаҳридаги сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш лойиҳасини тендер савдоларида ютиб бериш эвазига тадбиркордан 4 млрд сўм талаб қилган. Тезкор тадбирда у олдиндан 30 минг доллар олган вақтида ушланди. Терговга қадар текширув давомида Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари ушбу ноқонуний ишга алоқадор экани аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда қўлга олинди.

дхх, коррупция

Навоий вилоятида кузатилган ҳолатда эса ИИБ тезкор қидирув хизматининг киберхавфсизлик бўлинмаси катта тезкор ходими Кармана туманида яшовчи фуқаронинг пластик картасидан 62 млн сўм пулни ноқонуний ечиб олган шахсларни аниқлаб бериш эвазига 600 доллар талаб қилган. У сўралган пулни олган вақтида қўлга тушди.

дхх, коррупция

Сирдарё вилоятида пробация назоратида турган, фирибгарликда айбланиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган шахс Янгиер шаҳри ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати пробация гуруҳи катта инспекторидан жазони Янгиер шаҳрида ўтамаслик, Тошкент шаҳрида эркин тадбиркорлик фаолиятини олиб бориши учун ёрдам бериш, яшаш манзилини текширмаслик ҳамда чора кўрмасликни сўраган. Инспектор бунинг эвазига Янгиер шаҳридан 2 хонали уй сотиб олиб, унинг номига расмийлаштириб беришини ҳамда 500 доллар беришни талаб қилган.

дхх, коррупция

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан прокуратура ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда катта инспектор 400 доллар ҳамда 1 млн 260 минг сўмни ўз хизмат хонасида олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.