Футбол бўйича Евро-2024 ярим финалининг икки ўйинига қараб, сценарий бир хил бўлганини айтиш мумкин. Бошида «ёнган» олов голлар урилиб олгач, бироз сўнди. Икки ўйиннинг ҳам 20-дақиқасини кўргач мухлислар хаёлида ЖЧ-2022 финали бўлиши кутилганди. Аммо эҳтиёткор ўйинни афзал кўрувчи мураббийларнинг тактикасими, қолган 70 дақиқа мухлисларни бироз зериктирди. «Тактика» — ярим финаллари ҳақида сўз юритади.

Ҳужумга йўл тополмай қолган «учранглилар»

евро-2024, тактика

Франция ўйиннинг илк дақиқаларини шунчаки даҳшатли бошлади. Кетма-кет ҳужумлар натижаси голга олиб келди. Маълумот учун, ушбу гол Франциянинг ўйиндан урган илк голи ҳисобланади! Шундан сўнг навбат испанларга ўтди ва бўлди, бундан кейин улар устунликни бермади. Шу ўринда бир мулоҳаза: Дешам жамоаси истаганида устунликни олиши ҳам, ҳужумларни қалаштириб ташлаши ҳам мумкин эди. Лекин мана шу жойда узоқ вақтдан буён қўлланиб келинаётган услубни «бузиш» қийин бўлди. Ўша куни уларда ҳеч нима ўхшамади.

Дембеле ва Мбаппенинг ўйини мутлақо очилмади. Гризманн ҳамда Жиру захирадан жуда кеч тушди. Де ла Фуэнте эса барчасини тўғри қила билди дейиш мумкин. Педри, Ле Норман ва Карвахалнинг йўқлигини билдирмади, ҳатто 38 ёшли Навас ҳам ўз ишини яхши қилди.

Статистикага тўхталадиган бўлсак, чорак финалда бўлгани каби голли вазиятлар яратиш (xG) бобида ютқизган жамоа устун бўлди: 0,62 — 1,09. Ҳатто зарбалар бўйича ҳам аниқлик Францияда.

Ямал ва Ольмо — испан футболи келажаги. Гарчи иккиси ҳам ҳали ёш, тажрибаси кам дея айтилса ҳам, уларда испан футболи ДНКси бор. Ҳозирги терма жамоа 2008−2012 йилги Испания каби қўрқинчли бўлмаса-да, мана шу Еврода мураббийнинг ишини кўрсатиб бера олди. Топ клубларда ўйнамайдиган футболчилар билан ҳам зўр жамоа тузса бўлишини худди ўзининг акси бўлган Дешамга намойиш қилди.

Саутгейт айёрми ёки омади чопган мураббий?

евро-2024, тактика

Бу — Англиянинг турнирдаги иккинчи бор сўнгги дақиқада гол уриш орқали натижани ўз томонига оғдириб олиши. Савол шундаки, бу Саутгейтнинг айёрлигими ёки шунчаки омад? Айни ўша голларга қаралса, жавоб пайдо бўладигандек — футболчиларнинг ўзлари ҳал қилиб ташлашяпти.

Нидерландия, худди французлар каби, илк дақиқаларни яхши бошлади ва гол уриб олди. Англия ҳам тезда жавоб берди. Ҳисоб тенглашгач, ўта зерикарли ўйин бошланди ва бу сўнгги дақиқага қадар давом этди. Устунлик ҳар томонлама англияликларда бўлди. Тўп назорати бўйича, дарвоза томон зарбалар ва ҳатто голли вазият яратиш бобида ҳам нидерландияликлардан устун келди.

Ҳозир «зарғалдоқранглилар»нинг ўйини хусусида турли хил фикрлар бўлиши мумкин. Депайнинг биринчи бўлимда чиқиб кетиши, рақибнинг ўйин бермаслиги, лекин класс ўз сўзини барибир айтди, дейиш мумкин.

Саутгейт шундай ўйини билан терма жамоасини кетма-кет иккинчи бор Евро финалига олиб чиқмоқда. Бу оддий кўрсаткич эмас. Агар ушбу финални ҳам юта олмаса, муаммо бир Гаретники эмас, балки «Англия синдроми» бутун футболда пайдо бўлгани маълум бўлиб қолади.