Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Равшанович Абдуллаев лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокимининг 11 июлдаги фармойишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, туман ҳокими вазифасини молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосар Жамшид Алимжонов вақтинча бажариб туради.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги матбуот хизматининг 9 июль куни маълум қилишича, Фарход Абдуллаев «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» АЖ бошқарув раиси этиб тайинланди. Комбинат президент қарори билан Олмалиқ КМК таркибидаги «Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси негизида ташкил қилинган.

Унинг вазифаларига литий, графит, вольфрам, тантал-ниобий, магний каби металлар хомашёсининг мавжуд захираларидан самарали фойдаланиш, уларни чуқур қайта ишлаш, маҳсулот турларини амалдаги 15 тадан 48 тага ошириш киради.

Абдуллаев 1978 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1999 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. Фаолияти давомида қатор корхоналар раҳбари, 2011−2017 йилларда Сергели туманидаги «Тошкент рангли металл парчалари ва резги-чиқитларини тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи» акциядорлик жамияти бош директори, 2017−2018 йилларда «Ўзбекистон рангли металл парчалари, чиқиндиларини тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи» акциядорлик жамияти бош директори лавозимида ишлаган.

2018−2019 йилларда Toshrangmetzavod recycling МЧЖ директорининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари, 2019 йилдан Учтепа тумани ҳокими бўлиб ишлаб келганди.