11 июль, пайшанба куни Қўқонга ташрифи чоғида Шавкат Мирзиёевга Фарғона туризм ҳалқасини ташкил этиш концепцияси тақдимот қилинди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ўтган йили Фарғонага 430 минг хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Тақдимотда вилоятнинг бой тарихи ва гўзал табиати ҳисобга олинса, бунинг ўзи етарли эмаслиги таъкидланди.

Фарғона туризм ҳалқасидан мақсад хорижий ва маҳаллий туристларнинг вилоятда қолиш муддатини 3 кундан 7 кунгача узайтириш, ташриф объектлари сонини 2 баробар оширишдан иборат.

Шу мақсадда Фарғона, Олтиариқ, Қува, Учкўприк туманларидаги диққатга сазовор жойлар туризм йўналишларига киритилади. Ҳалқада 577 та маскан бўлади, 50 дан ортиқ савдо-хизмат турлари тақдим этилади.

Президент Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги қарори билан ташкил этилган Қўқон университети билан танишди, университет ёнида жойлашган Тепақўрғон археологик ёдгорлигини ҳам кўздан кечирди.

туризм, фарғона вилояти, шавкат мирзиёев

Қадимда бу ерда ўрда — ҳукмдор саройи бўлган. Хўқанд милодий эра бошларида нафақат йирик шаҳар, балки кичик давлат пойтахти бўлган. У ҳақда кўплаб тарихий манбаларда ёзилган. Қўрғон харобага айлангач, узоқ йиллар давомида қабристон бўлган. Бу ерда кўплаб аллома, адиб ва мударрислар дафн этилган.

Ушбу ёдгорлик 2019 йилда моддий-маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритилган. 2022 йилда олиб борилган археологик қазув ишлари натижасида ёдгорлик аркининг тузилиши аниқланган.

Президент мазкур археологик ёдгорликни реконструкция ва консервация қилиб, очиқ осмон остидаги музейга айлантириш ташаббусини билдирди.