Сирдарё вилоятида 2011 йилда туғилган қизнинг жасади ўз уйидан топилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

2024 йилнинг 3 июль куни соат 19:30 атрофида Сирдарё вилояти Янгиер шаҳри Шукрона МФЙдаги уйларнинг бирида ижара асосида яшовчи С.М. Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилиб, шу куни соат 19:00 атрофида ишдан яшаш хонадонига келганида уйнинг меҳмонхона қисмида 2011 йилда туғилган вояга етмаган фарзанди С.К.нинг жасади ётганини маълум қилган.

Ҳодиса содир бўлган жой тезкор-тергов гуруҳи аъзолари иштирокида кўздан кечирилиб, процессуал тартибда баённома расмийлаштирилган. Ҳодиса жойидан бармоқ излари, 2 дона ёстиқ, 2 дона пиво спиртли ичимлигининг елим идиши, 2 дона қулфлар ашёвий далил тариқасида олинган.

Марҳума С.К.нинг мурдаси ташқи томондан кўздан кечирилганда, унинг олд пешона соҳаси чап томонида, бўйин олд соҳаси чап ва ўнг юзаси ўрта қисмида, чап сон соҳаси ўрта қисмида кўкимтир тусдаги қонталашлар ва қорин олд девори ўнг ёнбош соҳасида кўндаланг жойлашган чизиқли шилинма каби жароҳатлар борлиги аниқланган.

Марҳума С.К.нинг мурдаси кўздан кечирилиб, судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Янгиер туманлараро суд тиббий экспертизаcининг 2024 йил 3 июлдаги (бирламчи) 43-сонли маълумотномасида вояга етмаган С.К.нинг ўлими бўйин аъзоларининг қисилиши, бўғиш натижасида келиб чиққан механик асфикция сабаб бўлгани қайд этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 3 июль куни Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда жиноят иши бўйича вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган Ю.Х.ни қидириб топиш бўйича вилоят ИИБга алоҳида топшириқ берилган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракати давом эттирилмоқда», — дейилади Бош прокуратура берган маълумотда.