«Газета.uz» китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида «Кутубхона» номли лойиҳа бошлади. Унда ўз хонадонида кутубхона ташкил қилган мутолаа ишқибозлари билан китобхонлик ва кутубхоначилик ҳақида суҳбатлар уюштирилади.
Лойиҳанинг илк меҳмони — Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон. У интервью давомида ким сабаб мутолаага қизиққани, қайси асар кучли таъсирлантиргани, «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтининг очишдан мақсади, Қуръони каримнинг ўзбек тилига таржима жараёнидаги иштироки ҳақида гапириб берди.
— Китоб йиғишни қачондан бошлагансиз, бунга ким туртки бўлган?
— Табиийки, ҳамма нарса болаликдан бошланади. Оиламиз зиёли ва ҳар бир аъзоси китобхон эди. Лекин мутолаага, адабиётга нисбатан қизиқишим онамнинг опаси, яъни Субуҳа холам туфайли туғилган. У мен ўқиган мактабда адабиёт фанидан дарс берарди. Холамнинг уйида бир токча бадиий адабиётлар бўларди, барчаси ўша даврнинг энг зўр китоблари эди. Шу сабабли уларникига тез-тез бориб, китоблар мутолаа қилардим. Кутубхона деган тасаввур ўшанда пайдо бўлган, унда 5−6-синфда ўқирдим. Кейинчалик мактабимиз ва колхоз кутубхоналаридаги деярли барча китобларни ўқиб тугатганман, ҳамма кутубхоначилар мени яхши танирди. Шу тариқа ўзим ҳам китоб йиға бошлаганман. Китоб бу — тирик нарса, сенинг нафасинг урилиши билан у ҳам сенга нафас бера бошлайди. Унинг тириклиги шундаки, ҳар бир саҳифаси яшнаб турган дарахтлардан пайдо бўлади.
— Ҳаётингизда туб бурилиш ясаган ёки сизга кучли таъсир қилган асар борми?
— Миркарим Осимнинг «Ўтрор» номли қиссасини ўқиганимда, тарихга нисбатан қизиқиш уйғонган. Ёшларга биринчи шу китобни ўқитишдан бошлаш керак, деган фикрдаман. Унинг ижодидан қаттиқ таъсирланганим туфайли Миркарим Осим ҳақида мақола ва шеърлар ёзганман. Бир шеъримда мана шундай катта ишларни қилган инсонларни ўз вақтида қадрламаганимизни қоғозга туширганман. Совет даврида ҳам қадрланмаган. Ёзувчининг асарларида бутун тарихимиз: Тўмарис, Широқдан бошлаб, Навоийу Нодира ҳақида кўп маълумотлар бор. Айримларга Миркарим Осимнинг асарларини ўқишни тавсия қилганимда, жуда ҳам содда ёзилган экан, дейишган эди. Ёзишни билмаган одам мураккаб ёзади, содда нарса ёзиш қийин, содда ёзиш — маҳоратнинг энг олий чўққиси, дея жавоб бераман. Миркарим Осимнинг асарлари ҳақиқатан содда, лекин тарихни ўқиган сари ўқигинг келади.
Бундан ташқари, тарихга қизиқишим нафақат Самарқандда туғилиб ўсганим, балки аждодларимнинг қанақа одамлар бўлганлигини билганим ҳамда боболаримнинг номлари тарих китобларида қайд этилганлиги учун ҳам баланд. Масалан, Нақшбандия тариқатининг атоқли вакили, 23 та китоби қўлёзмалар интитутида сақланадиган Маҳдуми Аъзам энг олис боболаримдан бири ҳисобланади. У киши Косонсойда туғилган, кейинчалик Самарқандга келган. Қисқа вақт Бобур Мирзога, сўнгра асосан шайбонийлар сулоасининг йирик намоёндаларидан бири Убайдуллохонга пирлик қилган. Маҳдуми Аъзамдан кейинги боболарим ҳам тарих китобларига киритилган, ҳаммаси илмли, китобхон инсон бўлган.
Қуш уясида кўрганини қилганидек, оилада мутолаа муҳити бўлса, фарзандлар ҳам албатта, китоб ўқийди. Энг аввало, ота-она китобхон бўлса, болалар ҳам китоб мутолаа қилади.
— Қайси ижодкорларнинг асарларини севиб ўқийсиз, кимларнинг асарларидан илҳомланасиз?
— Бу ердаги китобларнинг баъзиларини бир йил ўтар-ўтмас яна ўқигим келади. Булгаковнинг «Уста ва Маргарита»си, Шукур Холмирзаевнинг ҳикоялари ва бошқа ўзим яхши кўрган шоирларнинг шеърларини қайта-қайта ўқийман, улар вақт ўтиб яна қувонтиради, янги таассуротлар беради. Китоб инсон юрагини тозалайди. Бобурийлар саройида врач бўлиб ишлаган француз одамнинг хотиралари ёзилган китобни ҳам кўп мутолаа қиламан. Унда Шоҳжаҳоннинг тўртала фарзандининг тахт учун кураши тасвирлаган. 1930-йилларда чиққан шу кичкина китобни 12 та китобга алмаштирганман, шу томонлама ҳам бу менга жуда қадрли.
Энг кўп ўқийдиган ва энг севимли асарим бу — «Бобурнома», жаҳон адабиётида бундай асарлар бармоқ билан санарли. Бобур бу китобида ўзининг дарди, қайғуси, қувончи, бошидан кечирган ҳар бир ҳолатини яширмасдан, уяладиган жойларини ишора билан ёзган, лекин яширмаган. Мен учун «Бобурнома»га тенг келадиган асар йўқ. Бобурни яхши кўришимга ҳам шу асар сабабчи, Бобур Мирзога бағишлаб кўплаб мақолалар, «Бобур соғинчи» драмасини ёзганман.
— Кўп одамлар шахсий кутубхона очишга шароитим йўқ дейди, имконияти борларнинг барчаси ҳам бунга қунт қилмайди. Сизда кутубхона ташкил этиш жараёни қандай кечган?
— Тошкентдан уй сотиб олгунимизга қадар ижарама-ижара юрганмиз ва бу давр оралиғида кўп китобларим йўқолган. Армияга боргунча йиғган китобларимни бировнинг уйига вақтинчага ташлаб кетганман, хизматдан қайтсам, у китоблар ҳам йўқ экан. Хуллас, шахсий кутубхона очгунимча кўплаб китобларимдан айрилганман.
Қасрлар ҳам ғиштлардан бунёд этилади, ўзидан-ўзи қад ростламайди. Нарвонга бирданига чиқиб бўлмаганидек, кутубхона ташкил қилаётганда ҳам бирма-бир китоб йиғишдан бошлаш керак, тома-тома кўл бўлур, деб бекорга айтилмайди. Кутубхона фақат ўзингизга эмас, оилангиз, фарзандларингиз, набираларингиз учун ҳам керак. Дуч келган одамни уйингизга олиб кирмагандек, қўлингизга тушган ҳар қандай китоб ҳам кутубхонадан ўрин олмаслиги лозим. У китоб болангизга нимани ўртагади, сиз билан қандай суҳбатдош бўлади, фикрингизни чалғитадими ёки ўйларингизни яна-да юксалишига хизмат қиладими? Чунки дунё фақат биз биладиган қитьалар, денгизлар ва тоғлардан эмас, ғоялардан иборат. Ҳар бир давлатнинг, шоир ва ёзувчиларнинг ҳам ўз ғояси бўлади. Бу ғояларни яхши билиш, фарқлай олиш ва бунга жиддий қараш керак. Яхши китобларни мутолаа қилиш ҳам яхши ғояларга эргашиш ва нотўғри ғоялардан ўзини ҳимоя қилишни ўргатади. Инсоннинг ўзида ишонган ғояси бўлса, дуч келган ғоянинг орқасидан кетавермайди.
Кутубхона ташкил этгандан кейин китобларни саралаш жуда муҳим жараён ҳисобланади. Кутубхона ҳам саралаш оқибатида шаклланиши керак. Турли вазиятлар билан бировларнинг уйига борганимда, кутубхонасида бирор марта ҳам очилмаган яп-янги китобларнинг тахлаб қўйилганини кўрганман. Каттароқ раҳбарларнинг уйида ҳам машҳур ва нодир китобларнинг қатор териб қўйилганига гувоҳ бўлганман. Биз эса у китобларни харид қилиш ёки ўқиш учун қаерларга бормасдик, эҳ-ҳее… Ўқилмаган китоблар ҳудди қабристонга ўхшайди. Китоб фақат уни ўқишни бошлаганингиздан кейин тирилади ва сиз билан гаплаша бошлайди. Китоб — сиз адашган пайтда тўғри ва катта йўлга олиб чиқади. Афсуски, бугунги кунда телефонга тикилиб-тикилиб, китоб ўқишдан узоқлашиш жараёни кузатиляпти. Сайтга ёки тармоқлардаги саҳифаларимга каттароқ хажмдаги бирор асарни қўйсам, ёшлар «узун экан», дейишади. Ҳозирги авлодда қисқа нарсаларни ўқиш кўникмаси пайдо бўляпти, ундан ортиғига тоқати йўқ. Бу — жуда ҳам аянчли.
— Қайси ижодкорнинг кутубхонаси ёки қай кутубхонага ҳавас қилгансиз?
— Биринчи марта устозимиз, катта адабиётшунос олим Озод Шарофиддиновнинг кутубхонасига ҳавас қилганман, жуда машҳур кутубхоналардан бири эди. Асқад Мухторнинг ҳам кутубхонаси ҳавас қиларли даражада бўлган. Аваллари давлат томонидан ёзувчи, шоирлар учун уйлар қурилаётган вақтда кутубхона, ижодхона ҳам алоҳида ҳисобга олинган. Устозларнинг деярли ҳаммасининг уйида кутубхонаси бўлган, олдин бу нарсага жуда эътибор берилган. Биз уларнинг кутубхоналарини кўриб, ўрганганмиз.
— Китобларингиз қандай тартибланган, картотекасини юритасизми?
— Кўриб турганингиздек, китоб жавондаги китоблар мавзусига қараб, турли бўлимларга ажратилган. Масалан, Темур ва темурийларга оид китоблар бўлими, Алишер Навоийга тааллуқли асарлар, жаҳон адабиёти, шеърият, ўзимнинг асарларим ҳам алоҳида-алоҳида бўлимларда туради. Бу эса керакли китобни тез ва осон топишимда жуда асқотади. Қурьони Карим ва у билан боғлиқ китоблар ҳам алоҳида қисмда сақланади. Қуръонда сирли ишоралар, сиз англамаган ҳикматлар яширин, ҳамма бирданига тушуниб кетмайди, бунда тасфирларнинг ўрни жуда катта. Қуръонни тушунтириб берадиган тафсирлар ўзимизда ҳам анча кўпайди. 1990 йиллар бошида Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб Шайх Алоуддин Мансур Қуръони карим маъноларининг ўзбекча изоҳли таржимасини тайёрлашдек улкан вазифани шараф билан адо этди. Ҳатто ўша таржимада менинг ҳам озгина ҳиссам бор. Таржима жараёнини тезлаштириш учун мен, Шавкат Раҳмон ва бир қанча зиёлилар навбат билан бориб, котиблик қилардик. Шайх Алоуддин Мансур ўқиб кетарди, биз бехато ёзиб, қоғозга туширардик. Шу ишга игнани учичалик ҳисса қўшганим сабабли ичимда доим мамнунликни ҳис қиламан.
— Кутубхонангизда кўпроқ қандай китобларни учратиш мумкин?
— Бу ердаги китобларнинг анчаси луғатлардан иборат. Чунки тарихга қизиққаним, доим тарихни ўрганишга интилганим туфайли луғатлардан кўп фойдаланаман. Бир сўзни тушунмай қолсам, моҳиятини англолмасам ёки унда қандай маъно юкланганини билишни истасам, ўша заҳоти «Ғиёс ул-луғат», «Чароғи ҳидоят», Навоий бобомиз асарларига оид ва ўзимизнинг изоҳли луғатларни титкилайман. Кутубхонамда энг ноёб луғатлар бор, уларни ҳар доим йиғишга ҳаракат қиламан.
Луғат бу — сир, сиз маъносини билмаган кўп сўзлар моҳиятини очиб беради. Луғатлар бизга азалий ва асл маъноларни, Навоий бобони англашга хизмат қилади. Тарихни ёзмоқчи бўлган, илм қиламан, деган одам луғатларни жуда яхши билиши, улардан фойдаланиши зарур. Шарқ мамлакатларининг баъзиларида юзлаб йўналишлардаги луғатлар мавжуд. Аммо бугун бизда луғат дейилса, туркча-ўзбекча, русча-ўзбекча сўзлар таржимасини тушунадиганлар сафи кенг. Ҳақиқий луғатлар тарихий терминлар маъносини беради. Шу сабабли ҳам луғатларни яхши кўраман. Шунингдек, кутубхонамда шеърият, бутун дунё насрий адабиётига оид кўплаб китобларни ҳам учратиш мумкин. Адабиётдаги узоқ йиллик дўстларим, сафдошларимнинг китоблари, ҳали ўзимнинг китобларим чиқмаган пайтда ўз асарларига имзо ва тилакларини ёзиб берган ижодкор акаларимиз, устозларимизнинг ҳам китоблари бор. Уларнинг барчаси мен учун азиз.
— «Хуршид Даврон кутубхонаси» (kh-davron.uz) сайти анча оммалашган. Уни нима мақсадда очгансиз ва йиллар давомида ўзини оқладими?
— Ўзбекистонда интернет тизими биринчилардан бўлиб телевидениега кириб келган, ўшанда телеканалда ишлардим. У пайтда назорат жуда қаттиқ эди, у сайта кирманглар, буни кўрманглар, деган тақиқлар бўларди. Мен эса кирманг, кўрманг, деган жойларга қизиқиб кирардим (кулади). Бу сайтни ҳам ўзбек адабиётини, ҳам ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, яъни ёш шоирларга минбар бериш мақсадида очганман. Бундан аввал «Туркистон кутубхонаси» сайтини ташкил қилганман, у ҳам анча машҳур бўлган эди. Аммо иккисини тенг олиб кетишга улгурмаганим сабабли биттасини сотиб юборганмиз. Ўша пайтларда адабиётга оид иккита сайт бор эди холос: kh-davron.uz ва ziyouz.uz. Биз ўзаро мулоқот қилиб, учрашиб турардик.
Сайтга ташриф буюрувчилар сони мавсумга қараб ўзгариб боради. Масалан, барча ОАВда бўлгани каби ёзда сайтдан фойдаланувчилар камаяди, улуғ шоир ва ёзувчилар, муҳим саналар арафасида эса сайтдан маълумот қидирувчилар сони ортади. «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтидан кўпроқ мактаб ўқувчилари ва ўиқтувчилари ҳамда мамлакатдаги кутубхоначилар фойдаланади. Шанба, якшанбадан ташқари, бошқа кунлари суткасига 7 минг нафаргача одам ташриф буюради. Бу албатта, мени қувонтиради.
— Ўзбекистонда жамоат, халқ кутубхоналари каррасига камайиб кетган. Нега бундай бўлди, қандай қилиб вазиятни ўнглаш мумкин, ўзи керакми шундай кутубхоналар?
— Мамлакатнинг китобга бўлган муносабатини чиқаётган китоблар сонига қараб эмас, мамлакатда мавжуд кутубхоналар ва уларнинг аъзоларини сонига қараб белгилаш керак. «Ёшлар» телеканалида бош директор бўлиб ишлаган давримда телевидение кутубхонасига бориб, «Ёшлар»дан кимлар китобга келаётгани, кимлар келмаётганини сўрардим. Катта авлод вакиллари деярли кутубхонадан чиқмасди, лекин ёшларнинг ҳаммаси ҳам у ерга боришни одатга айлантирмаган эди. Жамоа йиғилишида «Ким кутубхонага қатнамаса, кўрсатувини тўхтаман», деганман. Чунки телевидение вакили қанча кўп китоб ўқиса, кўрсатувига шунча ижобий таъсири бўлади.
Юқорида айтганимдек, дастлаб мактабимиздаги, кейинчалик, колхоз ва қишлоқ фуқаролар йиғини кутубхоналарига қатнаб, кўп китоб ўқиганман. Улар шунчаки эмас, балки одамлар оқиб борадиган ва китоблари талашиб ўқиладиган кутубхоналар эди. Аммо орада жуда кўп аҳмоқона ишлар бўлди. Мустақилликдан кейин бир, иккита аҳмоқ ўз ташаббусини илгари сурди. Биринчиси, «рус тилидаги китобларни чиқариб ташланглар», деган топшириқ эди. Китобни рус тилиси, ўзбек тилиси бўлмайди, у китоб, билим бўлади. Ўша вақтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг сквердаги кутубхонасида 1920 йилдан буён сақланиб келинаётган китобларнинг аксарияти Дўрмондаги боғга юк машинасида олиб борилиб, тўкиб ташланган пайтлар ҳам бўлди. Айрим китобхонлар улар ичидан ўзига ёққанларини териб олди, қолган китоблар эса чириб кетди. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги русча китоблар чиқиндихонага ташланди. Ўшанда Лелин, Сталин, Макснинг китобларига қўшиб, рус тилидаги бошқа китобларни ҳам ташлаб юбориш ишлари оммалашди. Бунақа ишларни шошилмасдан, хотиржам амалга ошириш керак эди, хуллас, ўшанда жамоат кутубхоналари тугатилди.
— Одамлар орасида китоб нархи қимматлиги, шу сабабли харид қилмаслигини таъкидлайдиганлар ҳам талайгина. Сизнинг бунга муносабатингиз қандай?
— Ҳақиқатан ҳозир китоб нархи қиммат, лекин бунга нашриётлар айбдор эмас. Ижодни энди бошлаган давримизда китоблар камида 5 минг нусхада чоп этиларди. Масалан, менинг китобларим 60 минг нусхагача чиққан. У даврда арзон бўлганлиги туфайли Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповнинг китоблари 300 минг нусхагача, журналлар бир миллион ададгача чиқарди. Нашриёт чиқарган китоблар сотилса, кейин у бой бўлади. Кўп нашриётлар ҳозир 500 та, минг дона китоб чиқаради. Давлат катта ёзувчиларга ёрдам бера олмаса ҳам болалар учун чиқадиган китобларга субсидия ажратиши зарур. Ота-она фарзандига китобни бемалол сотиб олиши, нархи хамёнбоп бўлиши керак.
— Кутубхонанингизнинг келажаги қандай бўлади — кейинчалик уни очиқ бир кутубхонага айлантирасизми ё каттароқ кутубхона фондига топширасизми ёки оилавий ёпиқ хазина бўлиб қоладими?
— Бу ҳақда аввал ҳам ўйлаганман. Акам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган меъмор, узоқ йиллар Самарқанд вилояти ва шаҳрининг бош меъмори бўлиб ишлаган, унинг картиналари, ўзимнинг ва аждодларимиздан қолган китоблар ҳамда бошқа нарсаларни ота ҳовлимизда йиғиб, нимадир қилиш фикри туғилган. Бу бўйича бир, иккита ўй бор, аммо ҳали охиригача пишмаган.
Олдин эски китоблар сотиладиган жойларга кўп борардим. Китобларнинг кўпида шахсий кутубхона муҳри ёки эсдалик фикрлар ёзилганини кўрардим. Кейин бирдан тушунардимки, бир катта олим вафот этган, унинг фарзандларига китоблари керак эмас ва улар букинистларга олиб келиб сотган. Баъзан шундай ҳолатлар ҳам кузатилади — китобхон ўз боласига китобга қизиқишни, тарбияни бермаган бўлади ёки фарзанди бошқа миллат таъсири туфайли ўзбекча ва бошқа тиллардаги китобларни сотиб юборади. Китобларимнинг тақдирини режа қилганда, мана шу каби ҳолатларни ҳам ўйлайман.
Китобларни ундан фойдаланадиган, ўқийдиган ва қадрига етадиган одамларга ёки китобхонлар кўп борадиган жойларга бериш керак. Кутубхонам масаласини акам билан маслаҳатлашиб юрибмиз, ҳали аниқ бир қарорга келганимиз йўқ.
Видео