Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 110 гектар майдонда янги турар жой массиви қурилади. Бу ҳақда пайшанба куни Шавкат Мирзиёев ва Марғилон шаҳри жамоатчилиги вакиллари ўртасидаги учрашувда сўз борди.

«Мамлакатимизнинг кўп жойларида янги массивлар, шаҳарчалар қуряпмиз. Марғилонликларнинг яшаш шароитларидан, уй-жойларга эҳтиёжидан хабарим бор. Шу талаб ва истакларни, кўпчилик оилаларнинг орзуларини инобатга олиб, замонавий иморатлар қуришни ўйлаяпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

25 минг аҳолига мўлжалланган 5 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қуриш режалаштирилган. Шунингдек, Бурҳонуддин Марғилоний номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Мақом театри, юридик институти, 4 та меҳмонхона, шоир ва санъаткорлар хиёбони, савдо мажмуаларини жойлаштириш кўзда тутилган. Яшил ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилади — бу ерда парк қурилади.

марғилон, шавкат мирзиёев

«Бугун бориб кўрдик, Фарғонада катта саноат корхоналари ишлаяпти. Янги электр станцияларини ишга туширдик. Нима учун? Халқимизнинг шароити бўлиши учун, корхоналар барқарор ишлаши учун. Энди сизлар ҳам ислоҳотларга камарбаста бўлиб, маҳаллалар ишсизлик ва камбағалликдан холи бўлишига кўмак беришингизни истардим», — деди президент.

Давлат раҳбари массивни хориж тажрибаси асосида пухта лойиҳалаштириш, уйлар ва инфратузилмани узоқни кўзлаб қуриш бўйича кўрсатмалар берди.

Президент Фарғона вилоятига сафари доирасида Қўқон шаҳри ва Фарғона вилоятининг Бағдод туманида ҳам бўлди.