Ўзбекистон Allianz Pension Ranking 2023 пенсия рейтингида охирги ўринлардан бирини (75 мамлакат ичида 71-ўрин) эгаллади. Таққослаш учун: Қозоғистон 34-ўринда, Россия — 37, Туркия — 59-ўринда. Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги мамлакатнинг пенсия таъминоти тизимини яхшилашга нималар тўсқинлик қилаётганини ўрганиб чиқди.

Allianz рейтинги учта суб-индексга асосланади: базавий шароитлар, барқарорлик ва пенсия тизимининг монандлиги. Улар 1 дан 7 гача бўлган шкала бўйича баҳоланади, бунда 1 энг юқори баҳодир. Ўзбекистоннинг умумий баҳоси 4,5 ни ташкил этган (базавий шароитлар бўйича 4,4, барқарорлик бўйича 3,6 ва монандлик бўйича 5,3).

Ўзбекистонда пенсия бадаллари даражаси бошқа мамлакатларга нисбатан юқори — 12−25 фоиз. Бироқ тўловларнинг ялпи коэффициенти ўртача (55 фоиз). Ушбу кўрсаткич ишчининг ўртача иш ҳақига нисбатан олинган ўртача пенсияни кўрсатади. Бу номувофиқлик фуқаро пенсия бадалларидан кўп маблағ олмаётгани ва пенсиялар жуда паст эканини англатади.

Ўзбекистонда норасмий бандлик юқори бўлгани сабабли пенсия таъминоти тизимининг қамрови паст — 38 фоиз. Пенсия механизмлари сифатида фойдаланиш мумкин бўлган расмий молиявий хизматлар оммабоплиги ҳам паст.

Мамлакат пенсия тизими мажбурий бадаллар бўйича белгиланган тўлов тизимидан иборат. Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, у борган сари давлат бюджетидан кўпроқ молиялаштирилмоқда.

Сўнгги 10 йилда Пенсия жамғармаси даромадлари 3,4 бараварга ошган бўлса, харажатлари 5 бараварга ошган. 2020 йилдан пенсия тўловларини молиялаштириш учун давлат бюджетидан доимий равишда трансферт ажратилмоқда.

2022 йилда трансферт миқдори 11 трлн сўм (жами харажатнинг 24,7 фоизи) ташкил этган бўлса, 2023 йилда 15 трл сўм (29 фоиз) кўзда тутилган. 2030 йилда трансферт миқдори 38 трлн сўмга етиши прогноз қилинмоқда.

Маълумот учун, тўловлар ўрнатилган тизим — бу фуқаронинг белгиланган пенсия олиши кафолатланган пенсия тизими. Пенсия миқдори бадаллар миқдорига, пенсия ёшига ва иш стажига қараб ўзгариши мумкин, аммо уни белгилашнинг қатъий қоидалари мавжуд. Бироқ, олинган пенсия миқдори одатда бадалларга боғлиқ эмас, чунки бадаллар одатда умумий пенсия жамғармасига бирлаштирилади.

Ўзбекистоннинг давлат пенсия таъминоти тизимини бошқа давлатлар билан солиштириш мумкин. Бироқ аксарият мамлакатларда мазкур компонент касбий пенсия дастурлари ёки шахсий жамғариш дастурлари билан тўлдирилади. Ўзбекистонда касбий пенсия режалари мавжуд эмас. Мавжуд бўлган ягона индивидуал жамғариш дастури мажбурий бўлиб, бадаллар ставкаси паст бўлгани (ойлик иш ҳақининг 0,1 фоизи) ва чекловчи қоидалари кўп бўлгани боис катта аҳамият касб этмайди.

Ушбу маблағларга ҳар йили инфляция миқдорида фоиз даромадлари (2021 йилда 10 фоиз, 2022 йилда 12,4 фоиз, 2023 йилда 8,8 фоиз) ҳисобланса-да, фуқаролар ўз жамғармаларини ихтиёрий равишда бошқа молиявий инструментларга ёки банк омонатларига йўналтириш ҳуқуқига эга эмас.

Дания ва Нидерландия юқоридаги ва бошқа рейтингларда энг юқори ўринларни эгаллайди. Уларнинг пенсия тизимлари кучли профессионал компонентга асосланган. Масалан, Нидерландияда давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган базавий белгиланган ставкали давлат пенсияси мавжуд. У саноат шартномалари билан боғланган мажбурий пенсия режаси билан бирлаштирилган. Ушбу пенсия режаси даромад билан боғлиқ ва белгиланган имтиёзларга эга, аммо капитал молиялаштиришга асосланган. Иш жойини ўзгартирганда пенсия ҳуқуқлари тўлиқ ўтказилади.

Пенсия тизимига умумий бадал ставкаси 18 фоизни ташкил қилади. Қамров коэффициенти 100 фоизни, ялпи коэффициент тўловлари — касбий компонент ҳисобга олинмаганда ва Нидерландия аҳолининг кексайишига қарамасдан давлат компоненти учун 69 фоизни ташкил этади. Пенсия ёши ўртача умр кўриш давомийлигининг ўзгаришига қараб белгилаб борилади.

Мазкур тизимнинг тарихий илдизлари уни Ўзбекистонда бевосита қўллашни қийинлаштиради. Бироқ белгиланган давлат пенсия тизимлари Германия ва Швейцариядаги каби касбий ва шахсий жамғарма схемалари билан бирлаштириш имконияти мавжуд. Бундай ҳолда, касбий компонент иш берувчи томонидан тақдим этилган белгиланган бадаллар бўйича пенсия режаси ёки саноат шартномаларидан иборат бўлади.

Маълумот ўрнида: белгиланган бадалга эга пенсия тизими — бу шундай пенсия тизимики, унда фуқаро ҳар ой қанча бадал тўлашини билсада, пенсия сифатида қанча олишини билмайди. Пенсия миқдори шахсий ҳисобларни бошқарадиган пенсия жамғармасининг бозор кўрсаткичларига боғлиқ.

Бундан ташқари, ихтиёрий равишда хусусий банклар ва суғурта компанияларининг пенсия режаларига бадаллар киритиш мумкин. Германияда пенсия тизими учун умумий бадал ставкаси 18,6 фоизни, қамров даражаси эса 82 фоизни ташкил қилади. Allianz рейтингида Германия пенсия тизимининг монандлик балли 2,8 ни ташкил қилади.

Бу комбинация халқаро ташкилотлар тавсияларига ҳам мос келади. Масалан, Жаҳон банки кўп поғонали пенсия тизими учун қуйидаги ёндашувни тавсия қилади:

  1. Давлат бюджети ҳисобидан базавий пенсия;
  2. тўловлар миқдори белгиланган мажбурий давлат пенсия таъминоти тизими;
  3. молиявий активларга эга бўлган касбий ёки шахсий пенсия режаларида мажбурий белгиланган бадаллар схемаси;
  4. бир қатор молиявий ва номолиявий активлардан ва қўллаб-қувватлашдан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган ихтиёрий тизим.

Биринчи вариантдан бошқа барча пенсиялар ўз-ўзидан молиялаштирилиши керак, яъни индивидуал иштирокчилар ва иш берувчиларнинг бадаллари ҳисобидан тўланиши керак.

Тавсиялар

Ўзбекистон пенсия тизимини такомиллаштириш мақсадида Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан қуйидагилар таклиф этилмоқда:

  • Халқ банкидаги амалдаги мажбурий пенсия жамғарма ҳисобварақлари тизимини ихтиёрий, мослашувчан ва бошқа банклар учун очиқ шаклга ўтказилишини таъминлаш;
  • йирик иш берувчиларга касбий пенсия таъминоти тизимини жорий этишга рухсат бериш, уларни молия институтлари билан ҳамкорлик учун боғлаш;
  • ўзини ўзи банд қилганлар томонидан давлат пенсия жамғармасига киритиладиган бадаллар миқдорини бир марталик қатъий белгиланган миқдор ўрнига даромадларига боғлиқ қилиб белгилаш. Уларга оз миқдорда бадал киритишга рухсат бериш;
  • ҳар бир пенсия учун маъмурий ва операцион харажатларни камайтириш учун давлат пенсия жамғармаси бошқарувини такомиллаштириш. Шаффофликни ошириш, пенсиянинг аниқ мезонларини белгилаш ва тизимни янада автоматлаштириш харажатларни камайтириш имкониятини беради;
  • расмий бандлик даражасини, шу жумладан, хотин-қизлар ўртасида ошириш, бу пенсия таъминоти тизимига бадаллар базасини ва аҳолини қамрови даражасини ошириш имконини беради;

Агентлик томонидан пенсия тизимини такомиллаштириш мақсадида президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқиш тавсия этилади. Бунда пенсия тизимини кенг кўламли ислоҳ қилиш, шу жумладан пенсия тайинлаш шартларини қайта кўриб чиқиш, пенсия ёшини умр давомийлигига мослаб қайта кўриб чиқиш, иш стажи ёки пенсия олиш учун бадалларни қайта кўриб чиқиш, пенсия тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли қамровини ошириш каби жиҳатлар инобатга олиниши мақсадга мувофиқ, дея ҳисоблайди Стратегик ислоҳотлар агентлиги.