Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи давомида бир қатор янги корхоналарни ишга тушириш ва қурилишини бошлаш маросимларида иштирок этди, дея хабар қилмоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент сўнгги беш йилда Фарғонада саноат ҳажми 1,3 баробарга кўпайгани, экспорт ҳажми қарийб 2 баробарга ошиб, 722 миллион долларни ташкил этганини қайд этди. Вилоятда 6 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ҳисобидан 110 та ва яна 1,1 млрд долларлик 22 та маҳаллий лойиҳа амалга оширилмоқда.

«Илгари вилоятда 6 та лойиҳа қилиш амри маҳол эди. Бугун 6 млрд долларлик лойиҳалар ҳақида гапиряпмиз. Нима учун? Ўсдик, ривожландик, инвесторларни ишонтирдик, шароит яратдик. Бундай ишларни яна давом эттирамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Қўқон» эркин иқтисодий зонасида 370 млн долларлик юзга яқин лойиҳа бажарилди. Улар томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида 1 триллион 500 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 60 млн долларлик экспорт қилинди. Унда қиймати 1 млрд долларлик 185 та лойиҳа жойлаштирилади. Бундан ташқари, Қўқон шаҳрида 230 гектар майдонда «Ўзбекистон — Хитой» махсус саноат зонаси ташкил этилади.

Ҳозирда Сингапурнинг «Индорама» компанияси билан ҳамкорликдаги минерал ўғитлар заводининг юқори самарадор комплекс ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича 2-босқичи ишга туширилмоқда ҳамда 3-босқичи бошланмоқда. Буларнинг натижасида йилига 300 минг тоннадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қўшимча 50 миллион долларлик экспорт таъминланади, дейилади хабарда.

фарғона вилояти, шавкат мирзиёев

Энергетика соҳасида яна тўртта лойиҳа ишга туширилди. Хусусан, Фарғонанинг Бешариқ туманида Германиянинг Hyper Partners компанияси билан 500 мегаваттли қуёш электр станцияси қурилиши бошланмоқда. 350 млн долларлик мазкур лойиҳанинг дастлабки 200 мегаватти шу йилнинг ўзида тармоққа уланиб, келгуси йилда тўлиқ ишга туширилади. Унда йилига 1 млрд 600 млн киловатт соат «яшил» энергия ишлаб чиқарилади.

Хитойнинг Gezhouba Group компанияси билан ҳамкорликдаги илк электр энергиясини сақлаш тизими шу йил якунига қадар ишга туширилади. У электр энергиясига талаб ортган вақтда автоматик ишга тушиб, энергетика тизими барқарорлигини таъминлайди.

Фарғона туманининг чека ҳудудларида 2 та кичик ГЭС барпо этилди. Биринчиси, Шоҳимардон қишлоғида қурилган 2,2 мегаваттли, иккинчиси, Юқори Водил қишлоғидаги 430 киловаттли станциялардир.