11 июль куни Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлигида жорий этилган Т-916 зонали навигация маршрутининг янги бўлимлари самолётлар парвози учун фойдаланишга топширилди. Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси янги йўналишнинг биринчи фойдаланувчиси бўлди, деб хабар берди Транспорт вазирлиги.
Янги йўналиш парвозлар масофасини 40 километрга қисқартиради. Бу ҳар кунги рейслар давомида йилига 30 тоннадан 50 тоннагача авиаёқилғини тежаш имконини беради, таъкидлади вазирлик. Шунингдек, кислород сарфи 50−70 тоннага, атмосферага зарарли диоксид чиқиндилари йилига 220−250 тоннага камаяди.
Хабарда айтилишича, «Ўзаэронавигация» ва «Қозаэронавигация» марказлари ўртасида ҳаво йўналишларининг янги участкаларини жорий этиш бўйича фаол ҳамкорлик бошланган.
Бу авиакомпанияларнинг энг самарали ва қисқа йўналишларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, жумладан, қўшни ҳаво ҳудудлари конструкциялари элементларини оптималлаштириш, шунингдек, ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш диспетчерларининг иш ҳажмини камайтириш мақсадида амалга оширилмоқда, дея тушунтирди ташкилот.
Прогнозларга кўра, кунига 30 дан ортиқ авиакомпания янги оптималлаштирилган йўналиш бўйича парвозларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, «Ўзаэронавигация» маркази қўшни давлатлар провайдерлари билан ҳамкорликда янги HHTE йўналишларини жорий этиш ишларини давом эттиради.