Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Андижон биокимё заводи устав капиталидаги 96 фоиз давлат акциялар пакети 101,3 млрд сўмга Jasminе Gold Group МЧЖга сотилди, дея хабар берди Давлат активларини бошқариш агентлиги.

Ушбу жараёнга Abrau capital компаниясихусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб этилди.

Корхонани хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.

Маълумот ўрнида, 2023 йилда Андижон биокимё заводи томонидан 1 млн дал спирт ишлаб чиқарилган бўлиб, соф фойдаси 10,1 млрд сўмни, соф активлари 71,5 млрд сўмни ва жами мажбуриятлари 17,3 млрд сўмни ташкил қилган.

Jasminе Gold Group сайтида ёзилишича, корхона артемия (бўғимоёқлилар туркумига кирувчи қисқичбақасимонлар тури — таҳр.) цисталарини Орол денгизи сувларида йиғиб олиш ва қайта ишлаш билан фаолият кўрсатади.