Июнь ойида Ўзбекистон автомобиль бозорида сотувлар пасайди, деб хабар қилмоқда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази.
Ўтган ойда мамлакат бўйлаб жами автомобиль савдоси 13,6 фоизга камайиб, қарийб 87 мингтага этди. Йиллик ҳисобда (2023 йил июнига қараганда) фаоллик 1,4 баробар қисқарди.
Марказнинг фикрича, бу динамика қисман мавсумий омилларга боғлиқ бўлиши мумкин, чунки ёзги мавсум анъанавий равишда ишбилармонлик фаоллигининг пастлиги билан характерланади.
Енгил автомобиллар
Йилнинг дастлабки уч ойида енгил автомобиллар савдоси кескин пасайган бўлса, май ойида 14 фоизга ўсган. Бироқ июнь ойида сотувлар ҳажми яна 13,3 фоизга — 77,6 минг донагача қисқарди, бу 2021 йил декабридан бери минимал кўрсаткичдир (ўшанда сотувлар 60 минг донадан камроққа тушганди). Йил давомида енгил автомобиллар бозори ҳам 1,4 баробар қисқарди.
Ҳудудлар кесимида энг катта пасайиш Сурхондарё ва Андижон вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистонда кузатилди — ўртача 22 фоиз. Олти ойда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ижобий динамика Хоразм ва Навоий вилоятларида кузатилди — ўртача 7 фоизга.
Биринчи ярим йил якунига кўра, Ўзбекистонда енгил автомобиллар савдоси 580 минг донани ташкил этди, бу эса ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 19 фоизга паст. Бу нафақат олдин эксплуатацияда бўлган автомобилларга талабнинг пасайиши билан, балки автомобилларни рўйхатдан ўтказиш жараёнларининг мураккаблашиши ҳамда расмийлаштириш ва қайта рўйхатдан ўтказиш қийматининг ошиши билан ҳам изоҳланади, деб таъкидлади ИТИМ таҳлилчилари.
Иккиламчи бозор
Савдоларнинг умумий пасайишининг 97,3 фоизи фойдаланилган автомобилларда кузатилди. Талабларнинг қаттиқлашиши ва рўйхатдан ўтказиш тартибларининг қимматлашиши олди-сотди битимлари сонининг қисқаришига таъсир қилди, бу эса, ўз навбатида, автомобиль бозорида умумий савдо кўрсаткичларига акс таъсир қилган бўлиши мумкин, дейилади шарҳда.
Июн ойида 51,5 минг дона минилган енгил автомобиль сотилди, бу май ойига нисбатан 15,3 фоизга камдир. Бу 2021 йил декабридан бери минимал кўрсаткичдир. Умуман олганда, йил давомида савдо ҳажми 1,6 баравардан ортиқ камайди.
Янги машиналар
Июнь ойида янги енгил автомобиллар сотуви май ойига нисбатан 9 фоизга камайиб, 26 минг донадан ошди. Йил давомида ушбу сегментдаги фаоллик атиги 5,3% га камайди.
Шундай қилиб, янги енгил автомобилларнинг бирламчи бозори иккиламчи бозорга нисбатан анча барқарор динамикани кўрсатмоқда.
Маҳаллий автомобиллар
Июнь ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобилларни сотиш суръати пасайишда давом этди. Ўзбекистонликлар маҳаллий автомобилларни май ойига нисбатан 10 фоизга камроқ харид қилди.
Йиллик кўрсаткичларда фаолликнинг бироз пасайиши кузатилмоқда — 0,8% га.
Хорижий автомобиллар ва электромобиллар
Ўзбекистон бозорида хорижий енгил автомобиллар бозори турғунлик белгиларини намоён этмоқда. Июнь ойида ушбу сегментдаги сотувлар атиги 0,4 фоизга ўсди ва 2,4 минг дона атрофидани ташкил этди. Фаолликнинг нисбатан кичик ўсиши йиллик ҳисобда сотувларнинг сезиларли пасайишини қопламайди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қарийб 34 фоизни ташкил этди.
Июнда енгил электромобиллар сегменти сотувларнинг пасайишини намоён этди. Сотувлар ҳажми 3 минг донага етди, бу эса май ойидагига нисбатан 800 дан ортиққа камдир (-27%). Шунга қарамасдан, электромобиллар савдоси ўтган йилнинг июнь ойи даражасига нисбатан 1,3 бараварга ошди.
Агар Ўзбекистонда электромобиллар бирламчи бозорида сотувлар бир ой ичида сезиларли даражада — 28 фоизга қисқарган бўлса, иккиламчи бозорда бунинг акс тенденциясини кузатилмоқда. Бу сегментда март ойидан буён фаолликнинг ўсиши қайд этилмоқда. Июнь ойида бу кўрсаткич 2,4 фоизни ташкил этди.