Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятига нисбатан иш қўзғатди, дея хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

Қайд этилишича, «Баҳоуддин Нақшбанд» ёдгорлик мажмуаси маркази қўмитанинг Бухоро вилояти бошқармасига мурожаат қилган. Унда электр тармоқлари амалда белгиланган тарифга нисбатан қўшимча тўлов ҳисобланаётганидан норози бўлинган ва ушбу масалада амалий ёрдам сўралган.

Бошқарма олиб борган ўрганишлар жараёнида «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» томонидан ёдгорлик мажмуаси марказига етказиб берилган электр энергияси учун юритилган ҳисоб-китобларда амалда белгиланган тарифларни ошириб қўллаш аниқланган.

Оқибатда мажмуага нисбатан 115 миллион сўмлик қўшимча тўлов ҳисобланган.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, Ўзбекистон ҳудудидаги диний ташкилотлар 2003 йил 1 сентябрдан бошлаб уларга кўрсатиладиган коммунал хизматларга тўловларни аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича тўлайди.

Аввалроқ интернетда истеъмолчиларнинг электр ҳисоблагичлар ишлатилган электр энергиясини ошириб кўрсатаётгани ёки ижтимоий меъёр доирасида нотўғри тўловлар олаётгани ҳақидаги шикоятлари тарқалганди. Рақобат қўмитаси томонидан ана шундай муаммоларни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузилган.