Россияда ота-онаси томонидан қаровсиз ёки назоратсиз қолдириб кетилган 7 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, республиканинг масъул ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева бошчилигида Санкт-Петербург шаҳрида хизмат сафарида бўлди.

У ерда оғир вазиятга тушиб қолган 10 дан ортиқ хотин-қизнинг мамлакатга қайтишига кўмаклашиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

«Ушбу давлатнинг ваколатли ташкилотлари вакиллари билан олиб борилган музокаралар натижасида Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида сақланаётган, ота-онаси томонидан қаровсиз ёки назоратсиз қолдириб кетилган 7 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди», — дейилади хабарда.

Болаларнинг бири Ўзбекистонга биринчи марта келганини айтса, яна бир 5-синфгача Ўзбекистонда ўқигани, сўнг Россияга онаси билан кўчиб кетганини, ўзини эндиликдан хавотирсиз ҳис қилаётганини таъкидлади.

Ҳозирда болалар тегишли марказга жойлаштирилган ва кейинроқ ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга топширилади, дея қўшимча қилинди агентлик хабарида.

Шу йилнинг апрель ойида ҳам ота-оналари бўлмаган ва ёрдамга муҳтож жами 17 нафар бола Россиядан Ўзбекистонга қайтарилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил март ойида Ўзбекистон президенти болани хорижда назоратсиз қолдирганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгиловчи тузатишлар акс этган қонунни имзолаганди.

  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, Ўзбекистон фуқаролигига эга болани ота, она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдириш БҲМнинг 10 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
  • Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, болани чет давлатда назоратсиз қолдириш, худди шундай хатти-ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса ёхуд боланинг суд томонидан белгиланган муддатда Ўзбекистонга қайтарилишини таъминламаслик 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.