2024 йилнинг якунига қадар Ўзбекистонда электромобилларни қувватлаш ускуналари учун алоҳида ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 11 июль куни «Ҳудудий электр тармоқлари»да ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

ҲЭТ бошқарув раиси биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаевнинг таъкидлашича, бугунги кунда мамлакатда электромобиллар кўпайиши ҳисобига одамлар ўз электромобилини қувватлаш ускуналари учун алоҳида ҳисобрақам очишни сўрамоқда.

«Чунки фуқаролар яшаши учун алоҳида, электромобили учун алоҳида электр энергияси ишлатишни хоҳлаяпти. Биз ҳисоб очишда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида муаммога учраяпмиз. Ўрнатилган битта ҳисоблагич бир нафар истеъмолчида (фидер) битта трансформатордан электр энергиясини олади. Шундай жойлар бўлаяптики, айримлар электр энергияси йўқлиги учун икки, уч томонлама улаб олмоқда. Лекин унинг ҳисоби биздан (ҲЭТдан) чиқиб кетади. Чунки битта ҳисоблагич, битта трансформатордаги маълумот йиғувчи концентраторга боғланган. Мана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун тегишли мутасаддиларга барча таклифларимизни киритганмиз», — деди Алвар Ғайбуллаев.

Унинг сўзларига кўра, электромобилларга электр энергиясини етказиб бериш фақат ҳисобрақам очиш билан боғлиқ эмас.

электр энергияси, электромобил, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси

Фото: «Ҳудудий электр тармоқлари» ахборот хизмати

«Бутун тизимдаги ҳамма ускуналарни ҳатто симнинг кесишмасигача кенгайтириб чиқишимиз керак. Нимага? Масалан, ўз ҳовлисига қувватлаш ускунасини ўрнатган фуқаролар электромобилини қувватлатлантирганида симлар қизиб, ёниб кетаётганини айтиб, шу бўйича саволлар юбормоқда. Ўтган йили аномал совуқда ҳам нима учун кўп қаватли биноларда кабеллар ёниб кетди? Чунки бизларда 70−80 йилларда қурилган уйларнинг сими кесишмаси уйдаги битта музлатгич ва телевизорга ҳисоб-китоб қилинган, ўша пайт учун бу тўғри қарор бўлган», — деди у.

Корхона расмийсининг айтишича, ҳозирги кунда кўп қаватли уйлардаги ҳар битта хонага кондиционер ва бошқа жиҳозлар ўрнатиляпти, бу эса ўша уйлар йўлагидаги симлар кесишмасига тўғри келмайди, натижада у қизийди ва ишдан чиқади.

«Бу каби симларни бутунлай алмаштириш учун лойиҳа институтларига топшириқлар берилган. Хусусан, электромобилларни қувватлантириш борасида симнинг йирик линияларда ҳам кесишмасини ҳисобга олиш топширилган», — деди мутахассис.

Унга кўра, қиш пайтида — аномал совуқда бирданига ҳамма жойда кабелларнинг эриб кетишига сабаб 3−4 баравар кўп электр энегиясининг қабул қилинишидир. «Лойиҳа институти симларнинг ёки трансформаторнинг кесишмасини 3−4 баробарга кўп ҳисоблай олмайди, унинг ҳам меъёри бор», — деди Алвар Ғайбуллаев.

Унинг қайд этишича, ҳозирда электрмобилларга алоҳида ҳисоб очиш ва уни алоҳида юритиш масаласи кўриб чиқилмоқда, бу бўйича топшириқ берилган. Ушбу тартиб 2024 йилдан йўлга қўйилади.