Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида Мухтор Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг филиали ташкил этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори имзоланди.

Қуйидагилар филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

  • Иқтисодиёт тармоқлари учун замонавий талаблар асосида халқаро таълим стандартларига мувофиқ юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш;
  • таълим, илм-фан ҳамда ишлаб чиқаришнинг узлуксизлиги ва изчиллиги тамойиллари, шунингдек, жаҳоннинг нуфузли ўқув-илмий марказлари билан уйғун интеграциялашув асосида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини жорий этиш;
  • замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш жараёнига илғор ҳамда масофавий технологияларни кенг жорий этиш, юқори малакали профессор-ўқитувчиларни ва кўп йиллик иш стажига эга бўлган амалиётчиларни жалб этиш;
  • хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим ташкилотлари, илмий тадқиқот марказлари ва бизнес-ҳамжамиятлар билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш;
  • илмий ва илмий-педагог кадрларнинг профессионал маҳорати даражаси ҳамда сифатини узлуксиз ошириб бориш, хорижий давлатлардаги етакчи олий таълим ташкилотларида малака оширишини ва стажировка ўташини таъминлаш;
  • фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий-техник вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш.

Филиалда таълим жараёни Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган, университет томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Филиалга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш ишлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда, университет томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистонида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган университетнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади. Филиалга белгиланган тартибда лицензия олингандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади.

Филиалнинг ҳар йилги қабул параметрларининг 5 фоиздан кам бўлмаган қисми ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида абитуриентларни бепул (Филиал гранти асосида) ўқишга қабул қилиш учун ажратилади.

Филиал Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрининг «Х. Мақсудов» МФЙ, В. Ҳайдаров кўчасидаги 1-уй манзилида белгиланган тартибда ижара ҳуқуқи асосида жойлаштирилади