Самарқанд туманида 12 июль куни Matiz автомобилида ёнғин чиқди, деб хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.

Ҳолат соат 16:28 да Янги ариқ маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Ҳаракатланиб кетаётган Matiz машинасида қисқа туташув туфайли ёнғин келиб чиққан. Хабарга илова қилинган суратдан ҳодисада машина бутунлай ёниб кетганини кўриш мумкин.

Kun.uz`нинг ёзишича, ёнғин йўл ёқасидаги ғалладан бўшаган ер майдонига ҳам ўтган.

Воқеа жойига 2 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 16:37 да етиб борган, ҳолат соат 17:18 да бартараф этилган.

Ҳодиса оқибатида жароҳат олган ва ҳалок бўлганлар йўқ, деди ЙҲХБ. Ҳозирда текширув ишлари олиб борилмоқда.