Фарғона вилоятида ҳудудий раҳбарларнинг масъулиятини ошириш бўйича янги тизим жорий этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев жума куни Қувада бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, дея хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Вилоят ҳокими ва унинг барча ўринбосарлари, шунингдек, вилоятдаги 19 та туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар куни беш нафар тадбиркор ва хорижий инвесторларни қабул қилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиши кераклиги таъкидланди.

Улар, шуниндек, ҳар ҳафта телевидение, радио орқали аҳоли ва тадбиркорларга бўлаётган ўзгаришларни айтиб бориши керак.

Йил якунида уларнинг фаолияти сарҳисоб қилиниб, тегишли чора кўрилади, деди давлат раҳбари.

Вилоят кенгаши депутатлари ҳам комиссия тузиб, ҳар бир рақамни назоратга олиши муҳимлиги қайд этилди.

Йиғилишда Фарғона вилояти охирги етти йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши бўйича мамлакатда охирги ўринда экани таъкидланди.

Бир қатор корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажми пасайган, айримлари фаолиятини тўхтатган, айримлари рўйхатдан ўтган тадбиркорлар фаолият кўрсатмаяпти, бошқаларида айланма ва иш ўринлари тўғрисида маълумотлар йўқ, бу эса яширин фаолиятдан далолат беради.

Президент бу ҳолатларнинг барчасини ўрганиб, тадбиркорларнинг «соядан» чиқишига кўмаклашишни топширди.