Президентнинг янги фармони билан 14 та ҳудуд (вилоятлар, Тошкент, Қорақалпоғистон) раҳбарияти тузилмасида ички аудит хизматлари ташкил этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Фармонга кўра, Ҳисоб палатасига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тизимини жорий этишга, шунингдек, унинг самарали фаолият кўрсатишига доир чора-тадбирларнинг амалга оширилиши устидан назорат қилиш ваколати берилади.

Бунда давлат молиявий назорати органлари ҳамда ички аудит хизматларининг йиллик иш режаларига киритиладиган молиявий назорат ва ички аудит тадбирлари мажбурий тартибда палата билан келишилиши керак.

Шу муносабат билан Ҳисоб палатасида халқаро стандартлар асосида давлат аудитини ташкил этиш шуъбаси йўлга қўйилмоқда. Бундан ташқари, энди палатада қуйидагилар ташкил этилади:

  • Мудофаа мажмуи ва ҳуқуқ-тартибот органлари харажатларини аудит қилиш шуъбаси;
  • Халқаро стандартлар асосида давлат аудитини ташкил этиш шуъбаси;
  • Тадқиқот, эксперт-таҳлил ва ўқув маркази (Тадқиқот маркази).

Янги тартибга мувофиқ, давлат молиявий назорати органлари ҳамда ички аудит хизматлари ташкил этилган вазирлик ва идораларга Марказий банк ва тижорат банкларидан бюджет ташкилотлари ҳамда бюджет маблағларини олувчиларнинг бюджет ва давлат қарзи маблағларининг ҳаракатига доир маълумотларни марказлашган тартибда сўраб олиш ваколати берилади.