Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари эндиликда бир орган — Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги зиммасида бўлади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятининг Қува шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтди.

Камбағалликни қисқартириш бўйича ҳам тизимни ўзгартириш зарур, деди президент. Мамлакатда «маҳалла еттилиги» фаолияти бўйича тажриба тўплангани, уларга банк-молия инструментлари орқали ёрдам бериш механизмлари жорий этилганини таъкидлади. Айни пайтда тизим кенгайган сари янгича ёндашувга эҳтиёж сезилмоқда, деди президент.

Эҳтиёжманд аҳоли даромад манбаи билан таъминланмаса, яна ижтимоий ёрдамга қайта-қайта мурожаат этади, деди у.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ўтган йилнинг ёзида ташкил этилган. Бандлик вазирлиги, ССВ, ИИВ, ММТВ ва бошқа тузилмаларнинг тегишли бўлимлари агентликка ўтган. Агентликнинг республика бўйлаб филиаллари, туман ва шаҳарларда «Инсон» ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари мавжуд.

Шавкат Мирзиёев 2020 йил январь ойида парламентга йўллаган мурожаатномасида илк бор камбағалликни қисқартиришни мамлакатда устувор йўналиш сифатида белгилаганди.

Ўша йилнинг февраль ойи охирида бош вазир ўринбосари — молия вазири Жамшид Қўчқоров бош вазирнинг молия-иқтисодий масалалар ва камбағалликни қисқартириш бўйича ўринбосари — иқтисодиёт ва саноат вазири этиб тайинланган. Кўп ўтмай, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига айлантирилган.

2023 йил январь ойида мамлакатда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги иш бошлаган.