Июнь ойида Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида икки ойлик ўсишдан сўнг уй-жойлар сотувининг секинлашиши кузатилди, дея хабар бермоқда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази.

Апрель-май ойларида кўчмас мулк бозорида олди-сотди битимлари сони 11 ва 9 фоизга ошди, лекин июнь ойида уларнинг сони 6,4 фоизга камайиб, 20,2 мингтани ташкил қилди. Йил давомида (2023 йилнинг июнига кўра) сотувлар деярли 14 фоизга пасайди.

итим, кўчмас мулк, уй-жой

Фаолликнинг тушиши мамлакат кўчмас мулк бозорининг ялпи секинлашганлигини акс эттиради, дея таъкидлади ИТИМ.

Ҳудудлар кесимида июнь ойида уй-жой савдосининг энг катта пасайиши Сирдарё (21 фоиз), Бухоро (20 фоиз) ва Андижон (16 фоиз) вилоятларида кузатилди. Фаоллик деярли 5 фоизга ошган Тошкентда ижобий динамика сақланиб қолмоқда.

Биринчи ярим йиллик якунлари бўйича Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида умумий савдолар сони 5,7 фоизга пасайди. Бу пасайиш, айниқса, Навоий вилоятида сезиларли бўлиб, операциялар 26,5 фоизга қисқарди. Бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 13,8 фоизни, Жиззах вилоятида 10,6 фоизни ташкил этди.

Олти ой ичида ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда энг кўп ўсиш Андижон вилоятида — 12,7 фоиз, Хоразм вилоятида — 8,3 фоиз ва Қашқадарё вилоятида — 6 фоиз қайд этилди.

Иккиламчи уй-жой бозори

итим, кўчмас мулк, уй-жой

Июнда иккиламчи кўчмас мулк бозорида уй-жой нархлари ўсиш суръати секинлашди. Май ойида нарх ўсиши 1,3 фоизни ташкил этган бўлса, июнь ойида ўртача 0,3 фоизга ўсди. Аммо 2023 йилнинг июнига нисбатан иккиламчи бозорда нархлар 10 фоизга кўтарилди.

Иккиламчи уй-жой сегментида уй-жой нархининг сезиларли ўсиши Хоразм (18,1 фоиз), Бухоро (17,1 фоиз), Қашқадарё (16,7 фоиз) ва Тошкент вилоятида (16 фоиз) кузатилди.

Тошкентда эса иккиламчи бозордаги нархлар бир ойда 1,1 фоизга пасайди. Шайхонтоҳур (0,8 фоиз), Яккасарой (0,6 фоиз) ва Олмазор туманларида (0,3 фоиз) уй жой нархларида кичик ўсиш сақланиб қолган.

Тошкентда уй-жой ижараси бозоридаги вазият

Пойтахт ижара бозори май ойида бироз тикланишдан сўнг, яна пасайиш тенденцияси билан характерланди. Хусусан, Тошкентда ижара нархлари 1,2 фоизга пасайиб, бир квадрат метр учун 8,3 долларни ташкил этди.

Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархлари юқорилигича қолмоқда (бир квадрат метр учун ўртача 10,2 доллар). Нисбатан арзон ижара нархлари эса Олмазор, Сергели ва Бектемир туманларида кузатилиб, ўртача бир квадрат метр учун 6,4 долларни ташкил этади.

Бироқ йил бошидан ижара нархи 9,8 фоизга, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоизга пасайган.

Ўтган йилга нисбатан ижара нархида энг сезиларли пасайиш Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманларида қайд этилган бўлса (12 фоиздан юқори пасайиш), Юнусобод ва Яккасарой туманларида нархлар пасайиш суръати нисбатан пастроқ кузатилди — 8,3 фоиз.

Аввалроқ Марказий банк 2023 йилга мўлжалланган кўчмас мулк бозори таҳлилида уй-жой нархлари кескин ошиши туфайли аҳолининг харид қобилияти пасайиб, кўчмас мулкнинг бозор ва фундаментал нархлари ўртасидаги тафовут 24 фоизга етгани ҳақида хабар берганди. Квартиралар асосий эҳтиёжларни қондириш учун эмас, балки инвестиция объекти сифатида кўпроқ сотиб олина бошлаган.