Тошкент шаҳридаги автосалон масъулларига нисбатан Жиноят кодексининг 168- (Фирибгарлик) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, жамият мансабдорлари 19 нафар фуқарога автомашина олиб келиб бериш ҳақида ёлғон ваъдалар берган. Улардан олинган 6 млрд 169 млн сўм тўлов пулини ўзларининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Гап Alliance Motors МЧЖ ҳақида бормоқда. Kun.uz нашрининг ёзишича, таҳририятга мижозлардан мурожаат келиб тушган. Улар шартнома тузилса ҳам, машиналар вақтида келтириб берилмагани, шунингдек, етказиб берилган авторанспорт воситасининг ҳужжатини тўғрилаб беришмаганини билдирган.

Жумладан, мурожаатчи Асилбек Бобоёров 2024 йил 19 май куни мазкур МЧЖ билан BYD машинасини сотиб олиш бўйича шартнома тузгани, икки кун ичида 242,4 млн сўм тўлов қилгани ҳақида айтган.

«Менга ўзини автосалон директори деб таништирган Давлат Нарзиев машинани 15 кунда келтириб беришни ваъда қилганди. Ушбу муддат ўтгач, мен машинани сўрай бошладим. У эса эрта-индин дея алдаб юрди. 29 июнь куни машинам келганини, шартнома бўйича қолган суммани тўлаб кетишим кераклигини айтди. Автосалонга бориб, қолган тўловни тўлаб келдим. Эртаси куни машинани эвакуаторга юклаб уйимга келтириб беришди. Лекин бугунгача машинанинг ҳужжатларини тўлиқ қилиб бергани йўқ», — дейди у.

Orginfo.uz сайтидаги маълумотларга кўра, Alliance Motors 2021 йил 13 декабрда рўйхатдан ўтказилган, унинг 100 фоиз улуши Давлатбек Нарзиев Феруз ўғлига тегишли.

2024 йилнинг март ойида Тошкентда фуқаролардан 6,1 млрд сўмни фирибгарлик йўли билан олган автосалон эгалари 8−9 йилгача қамалганди. Улар харидорларни қабул қилишда GM Uzbekistan билан шартнома тузгани ва машиналарни 3 ойда автосалондан чиқариб беришини айтган.