Шавкат Мирзиёев 12 июль куни Фарғона вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШОДС)нинг ярмини туман бюджетларида қолдириш масаласини кўриб чиқиш топшириғини берди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, айни пайтда вилоятда рўйхатга олинган 545 та тадбиркор ҳисобрақам очмаган, мингдан ошиғи банк орқали айланма қилмаган.

Агар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг 50 фоиздан ортиғи маҳаллий бюджетда қолса, тадбиркорлар соядан чиқиши ва кўпроқ солиқ тушумларини олиш учун «туман манфаати кўпаяди».

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудларида ЖШОДС бўйича тушумларни тақсимлашда турлича ёндашувлар қўлланмоқда. Вилоят ҳокимликлари ҳар йили бюджетни тасдиқлашда туман бюджетларига ажратмалар меъёрларини белгилайди, уларнинг аксарияти ЖШОДСнинг асосий қисмини вилоят бюджетига қолдиради. Масалан, Фарғона вилоятида ЖШОДСнинг 50 фоизи туманларда қолдирилди, Самарқанд вилоятида — 10−50 фоиз атрофида, Сирдарё вилоятида — 3−20 фоизи, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Навоий вилоятларида — 100 фоизи.

Марказсизлаштириш

2019 йилнинг ноябрь ойида ўша пайтда молия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Тимур Ишметов молия тизимини босқичма-босқич марказсизлаштириш, яъни солиқлар кўпроқ бўладиган ҳокимликларнинг молиявий мустақиллигини кенгайтириш ҳақида гапирган эди.

«Бизнинг фикримизча, ҳокимликлар маҳаллий бюджетнинг молиявий харажатларини мустақил бошқариш ҳуқуқини қўлга киритиши вақти келди. Шунда улардан тўлиқ жавобгарликни талаб қилиш адолатдан бўлади», — деганди у.

Молиячи Отабек Бакиров ҳам солиқларни улар йиғиладиган ҳудудларда қолдириш «янги давр бошланганда эълон қилинган» марказсизлаштириш сиёсатининг бир қисми эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бу масъулиятли иш берувчиларни «фаолиятини оқартиришга» рағбатлантириши ва ўрта ва узоқ муддатли истиқболда потенциал солиқ тўловчилар учун туманлар ўртасида рақобатга олиб келиши керак.

«Тасаввур қилинг, айтайлик, мингта ходимга иш берувчи бизнес Қувага ҳам, шундоқ унинг ёнидаги Марҳаматга ҳам керак. Бир неча юз миллиард солиқ ҳудудида қолиши учун ҳокимтўралар энди, истайдими, йўқми, бизнесга бўйин эгишга, қайишишга ўтади», — дея тушунтирди у.

Аммо масаланинг бошқа томони — бу пулларнинг харажати.

«Мана шу масалада тийиб туриш, назорат ва тақсимот вазифалари жамоатчилик, уларнинг вакиллиги эса эркин сайловларда шаклланган кенгашлар орқали амалга оширилиши керак. Бошқача айтганда, солиқларнинг катта қисмини ҳудудларда қолдириш орқали ҳокимларга пул беришнинг ошиши уларнинг ҳисобдорлик, шаффофлик ва тийилиш даражасига доим мутаносиб бўлиши зарур», — ҳисоблайди молиячи.

Президент мазкур йиғилишда Фарғона вилоятида раҳбарларнинг масъулиятини ошириш бўйича янги тизим жорий этилишини ҳам маълум қилганди. Энди вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари, 19 та туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар куни 5 нафар тадбиркор ва инвесторни қабул қилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этади.