Ижтимоий тармоқларда Хўжаобод ва Жалақудуқ туманлари орасидаги кўприклардан бири қулагани акс этган видеолар тарқалди.

Тасвирда катта сойда тўлиб сел оқаётгани ва у кўприкни кўтариб турган таянч устунлар остини ювиб кетгани ҳамда машиналар ҳаракати тўхтаб қолгани кўринади.

Кўприк Жалақудуқ тумани Ёрқишлоқ қишлоғидан ўтувчи «Оқбўйра сой» устига қурилган. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг ёзишича, унинг қулаб тушишида сойда қўшни Қирғизистондан оқиб келган ва тўсатдан юз берган кучли сел ҳодисаси асосий омил бўлиши мумкин.

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, айни дақиқаларда вилоят ҳамда ҳар икки туман раҳбарияти вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳи воқеа жойига етиб борган ва иш олиб бормоқда.

Содир бўлган воқеа оқибатида тан жароҳати олганлар ёки қурбон бўлганлар йўқ. Бошқа барча ҳолатлар бўйича ўрганиш давом этмоқда, дейилади хабарда.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси воқеа жойига қутқарувчилар ҳам етиб борганини билдирди. Ҳозирда «Оқбўйра сой» сув оқими ўз йўлида харакатланмоқда.

Эркин Абдулаҳатовнинг қўшимча қилишича, ҳозирда қўшни Қирғизистоннинг Ўш вилояти, хусусан Ўш шаҳрида кучли интенсив ёғингарчиликлардан сўнг талофатли сел ҳодисалари кузатилмоқда.

«Масъул тузилмалар Ўш вилоятига қўшни чегарадош Ўзбекистон ҳудудлардаги аҳолини зудлик билан сергак топиш бўйича огоҳлантиришларни амалга ошириши керак. Ўш вилоятидан Андижонга оқиб келувчи сой ва сел ўзанларида навбатчилик ташкил этилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади», — дея таъкидлади у.

Харита: Яндекс.Харита: Яндекс.

Ўзгидромет агентлиги аввалроқ 13−16 июль кунлари кучли ёмғирлар ёғиши кутилаётгани сабабли Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида, жумладан Андижоннинг Жалақудуқ ва Хўжаобод туманларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.