Ўзбекистонда яқин йилларда ичимлик суви учун ижтимоий норма йўлга қўйиш режаси йўқ. Бу ҳақда 9 июль куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида «Ўзсувтаъминот» масъуллари маълум қилди, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Тадбирда журналистлар томонидан яқин келажакда Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газга жорий этилгани каби ичимлик сувига нисбатан ҳам ижтимоий норма йўлга қўйилиши ҳақидаги гап-сўзларга изоҳ сўралди.

Шунингдек, Қозоғистонда ичимлик суви бўйича табақалаштирилган тариф режаси ишлаб чиқилаётгани, Ўзбекистон қўшни мамлакатдан намуна олиб, сувни тежаш мақсадида мазкур тартибни жорий этиш ё этмаслиги ҳақида ҳам савол берилди.

ижтимоий норма, ичимлик суви, ўзсувтаъминот

Хуршид Раҳматуллаев / Фото: АОКА

«Очиғини айтаман, бу маълумотлар фейк, ҳеч қандай асос ёки ҳисоб-китобга эга эмас. Бизда бундай масала кун тартибида йўқ. Сув бу — ҳаётий эҳтиёж, уни чеклашга ёки қандайдир лимит қўйишга ҳозирча ҳеч қандай эҳтиёж йўқ, бу менинг масъул шахс сифатидаги фикрим. Қозоғистонда бўлаётган жараёнларни биз ҳам кузатиб турибмиз, аммо буни табақалаштирилган тизим, дейиш бироз нотўғри», — деди «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев.

Унинг сўзларига кўра, бундай тажриба Россия ва Европанинг бир қатор мамлакатларида ҳам бор, яъни сув ресурсларини сутка давомида талаб ошадиган пайтда ишлатишга маълум бир чеклов қўйилган.

«Мисол учун, ўн беш йил аввал талабалик давримда Германияда амалиёт ўтаганимизда, ётоқхонада яшаганмиз. У ердаги кир ювиш машинасидан фойдалансангиз бир евро тўланарди. Лекин ўша техникани кечаси соат 17:00 дан 20:00 гача ишлатсангиз, 2 евро тўлашингизга тўғри келарди, бошқа пайт эса 1 евро эди. Яъни бу оби-ҳаётга талаб ошган пайтда сувга нисбатан босимни камайтириш мақсадида қилинган бир чора эди», — деди компания вакиили.

«Ўзбекистонда сув ҳисоблагичлар билан таъминланганлик даражаси 87 фоизни [ташкил этади]. Агар 100 фоизлик таъминланганлик даражасига эришган тақдиримизда ҳам сув захираси ва сувни тежаш нуқтаи назаридан яқин келажакда [ичимлик суви учун ижтимоий норма жорий этиш] режаларимиз йўқ», — деди Раҳматуллаев.