14 июль куни Андижон вилояти Хўжаобод туманидан оқиб ўтувчи Шаҳрихонсой каналидан кичик ёшдаги шахснинг жасади топилди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Жалақудуқ ва Хўжаобод туманларида бу ёшдаги фарзандини йўқотган ҳеч бир оила аниқланмаган. 5−6 ёшли қиз Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан оқиб келган бўлиши мумкин.

Юборилган фотосурат орқали Ўшдаги оила вакили бу қизалоқ унинг ўз оиласидан эканини тасдиқлаган. Ҳозирда оила вакили Хўжаобод тумани сари йўлга чиққанини билдирган.

Вилоят ҳокимлиги ва тегишли органлар томонидан мазкур оилани қўллаб-қувватлаш ҳаракатлари ташкил этилди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 14 июль куни Қирғизистоннинг Ўш вилоятида тоғ ва адирликларида кузатилган жала ёмғирлар ёғиши оқибатида Андижон вилоятида кучли сел оққан. Бунинг оқибатида Хўжаобод ва Жалақудуқ туманлари орасидаги кўприкларидан бири қулаб тушганди.