Ижтимоий тармоқларда Бухорода аёл икки нафар қизини калтаклаётгани акс этган видео тарқалди. Тасвирларда аёл турмуш ўртоғини уларнинг ҳолидан хабар олмаётгани ва етарлича пул жўнатмаётганидан жаҳл қилиб, қизларини дарахт шохи билан савалаганини кўриш мумкин.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг маълум қилишича, ҳолат 9 июль куни Жондор туманида яшовчи аёл И.М. томонидан содир этилган. Унинг турмуш ўртоғи Н.Б. бир неча йилдан буён хорижда ишлаб келаётган бўлган.

Эри оиласидан хабар олмаётгани, етарлича пул жўнатмаётганидан жаҳли чиқиб, аёл қизлари 4 ёшли Ў.С. ва 3 ёшли Ў.С.ни уриб, калтаклаб, видеотасвирга олган ва эрига жўнатган.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси хабарига кўра, ҳозирда воқеа юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Унинг доирасида болага етказилган жароҳатнинг даражасини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертиза тайинланган.

Болалар омбудсманининг қайд этишича, сўнгги пайтда ота-оналар томонидан ўзаро низода фарзандидан манипуляция қуроли сифатида фойдаланиб, болага жисмоний ва руҳий зарар етказиш ҳоллари кўп кузатилмоқда.

«Ота-оналик мақоми болага зўравонлик қилиш ҳуқуқини бермайди. Болага нисбатан бундай ҳаракатга йўл қўйган шахслар ким бўлишидан қатъий назар қонунан жавоб бериши шарт», — дея таъкидлайди Сурайё Раҳмонова.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида турмуш ўртоғи билан видеомулоқот чоғида жанжаллашиб, ўғлини бўғишга уринган аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Аёлнинг айтишича, эри Россияда бошқа аёлга уйланган ва қайтишни истамаяпти. Боламни бўғмадим, эримни шундай қилиб қўрқитмоқчи бўлдим, деган у.

Бир йилча аввал Каттақўрғон туманида Россияда бўлган эрига жаҳл қилиб, боласини қийнаганини тасвирга олган ва турмуш ўртоғига юборган каттақўрғонлик аёл жазога тортилганди. 23 ёшли она судда бу ишни эрини қўрқитиш мақсадида қилганини айтган. Суд ҳукмига кўра, судланувчи аёл 7,5 млн сўм жарима тўлайдиган бўлган.