Тошкент вилояти Янгийўл туманида Damas ва Gentra иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.

Қайд этилишича, ҳодиса 13 июль куни соат 14:30 атрофида туман ҳудудидан ўтган ҳалқаро аҳамиятдаги М34 автомобиль йўлининг 23-километрида содир бўлган.

Янгийўл-Тошкент йўналишида ҳаракатланган 35 ёшли ҳайдовчи Х.Ш. Damas машинасини бошқариб кетаётиб, ўзи билан бир йўналишда бўлган 34 ёшли ҳайдовчи М.И. бошқарувидаги Gentra машинасининг орқа қисмига бориб урилган. Сўнгра Damas ағдарилиб кетган.

ЙТҲ оқибатида Damas`нинг бир нафар йўловчисига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Оғир тан жароҳати олганлар йўқ, дейилади хабарда.

Хабарда ҳолатга нима сабаб бўлганига аниқлик киритилмаган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.