BYD Uzbekistan Factory хитойлик ҳамкорлар билан Ўзбекистонда янги BYD автомобиль моделларини ишлаб чиқариш бўйича шартномалар тузди, деб хабар берди «Ўзавтосаноат» компанияси матбуот хизмати.

27 июндан бошлаб заводда BYD Chazor ва Song Plus автомобиллари ишлаб чиқарила бошлаганди. Президентга 10 июлдаги тақдимотда Ўзбекистон BYD билан B, C ва бюджет автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича келишиб олгани айтилган эди. Маълум бўлишича, гап BYD Seagull ва E2 ҳақида бормоқда, уларнинг биринчи намуналари аллақачон лабораторияларда синовдан ўтказилмоқда.

Сертификат синовлари учун моделлар UzTest давлат муассасаси қошидаги «Quality and Safety Testing» синов лабораториялари комплексига топширилган.

Синовлар умумий техник регламент талаблари асосида ўтказилиб, электромагнит мослик, тормоз тизими самарадорлиги, ички ва ташқи шовқин даражаси, иситиш ва совутиш тизимлари, бошқарувчанлик ва барқарорлик, ёритиш тизими ва бошқа кўплаб кўрсаткичларни текширишни ўз ичига олади, дея таъкидлади «Ўзавтосаноат».

«Ўзавтосаноат» матбуот хизматининг «Газета.uz»га таъкидлашича, тест синовлари ва бозорни ўрганиш жараёни тахминан уч ой давом этади.

Бундан ташқари, Техник регламент агентлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон бозорига таклиф этиладиган автомобиллар учун янги стандартларни ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу стандартлар хизмат кўрсатиш ва кафолат шартлари, халқаро экологик стандартларга мувофиқлик, хавфсизлик талабларига риоя қилиш, шунингдек, янги энергия манбаларидаги автомобиль аккумуляторларини хавфсиз қайта ишлаш ва утилизацияни ўз ичига олади.

«Ушбу қадам BYD Uzbekistan Factory заводининг нафақат ўз маҳсулот турларини кенгайтириши, балки уларнинг юқори сифатини ҳамда барча зарур хавфсизлик ва экологик стандартларга мувофиқлигини таъминлашга бўлган интилишини кўрсатади», — дейилади хабарда.

BYD Seagull BYD 3.0 электр платформасида қурилган, аслида у BYD Dolphin моделининг кичикроқ ва соддалаштирилган версиясидир. Унинг умумий узунлиги 3780 мм, кенглиги — 1715 мм, баландлиги — 1540 мм, ғилдирак базаси — 2500 мм. Стандарт ғилдираклари 15 ёки 16 дюймга эга.

Орқа ўриндиқ қатъий икки кишилик, асбоблар экрани диагонали 5 дюйм, мультимедиа экрани эса 12,8 дюйм. Fly пакети олд аксда битта электр двигатель билан жиҳозланган, унинг қуввати 55 кВт (75 от кучи). Батареяси 38,88 кВт қувватга эга литий-темир-фосфат бўлиб, у CLTC циклида (Хитойда ҳайдаш цикли) 405 км масофани босиб ўтиш имконини беради.

Унинг Хитойдаги бошланғич нархи 9700 долларни ташкил қилади.

BYD E2 анъанавий 5 эшикли, 5 ўриндиқли C-класс хэтчбеки бўлиб, 2019 йилда дебют қилган. Конфигурацияга қараб, у 70 кВт ёки 100 кВт (95 ва 136 от кучи) двигатель билан жиҳозланган. Батарея қуввати 33−43 кВт/соат, масофаси 300−400 км. Хитойда нархлар 12 210 доллардан 16 290 долларгача фарқ қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 август ойида «Ўзавтосаноат» ва Хитойнинг BYD Auto компанияси Ўзбекистонда автомобилларини тўлиқ циклда ишлаб чиқаришни ташкил этишга келишиб олган эди. Бунгача томонлар автомобиль бозорини ўрганган.

2022 йил 29 декабрда «Ўзавтосаноат» (60 фоиз улуш) ва BYD Europe B. V. (Нидерландия, 40 фоиз) BYD Uzbekistan Factory қўшма корхонасини ташкил этганди. 2023 йил 26 сентябрда Ўзбекистон ҳукумати ва инвестор ўртасида лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув имзоланган. BYD бренди 2023 йил бошидан буён Ўзбекистонда расман намойиш этилмоқда.