Солиқ қўмитаси сунъий интеллект (СИ) асосида яратилган DavrOn деб номланган виртуал ёрдамчини ишга туширди, дея хабар қилмоқда қўмита матбуот хизмати.

Қайд этилишича, СИ ёрдамчиси ai.soliq.uz сайтида жойлашган бўлиб, солиқ тўловчиларга кечаю кундуз маълумот беришга мўлжаллаган.

«DavrOn — самимий ва профессионал маслаҳатчи сифатида солиқ ва солиққа тортиш масалаларида маълумотлар ҳамда персонал маслаҳатлар бера олади. Виртуал ёрдамчи ўзбек, рус ва инглиз тилларида самимий мулоқот қила олади», — дейилади хабарда.

Қўмита маълумотларига кўра, ёрдамчи 3 ой давомида яратилди, уни такомиллаштириш жараёни «узлуксиз» давом эттирилади. Шу мақсадда Солиқ кодекси, президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, меъёрий ҳужжатлар ва йўриқномалар, шунингдек, солиқ органларининг call-марказига келиб тушаётган онлайн-НКТ, ЭҲФ, электрон рақамли имзо, электрон ҳисоботлар, маркировка ва бошқа хизматларга оид саволларга жавобларни ўз ичига олган 11 млн белгидан иборат билимлар базаси яратилган.

Виртуал ёрдамчи Солиқ қўмитасининг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланадиган учинчи хизматидир.

2022 йилда солиқ тўловчиларни масофадан идентификация қилиш бўйича Face-ID хизмати жорий этилган. Бугунги кунда хизмат аудиторияси 6 млн нафардан ортиқ Soliq мобил илова фойдаланувчиларини қамраб олган. Face-ID тизими мукаммал ишлаши учун идентификациядан ўтиш фотосурат ёрдамида эмас, балки ҳақиқатда мавжуд инсон томонидан амалга оширилаётганини аниқлаш учун махсус модель яратилган.

Солиқ маъмурчилигига хизмат қиладиган яна бир СИ — бу юк автотранспорт воситалари мониторинги тизими. Компьютернинг кўриш модели юк машиналарини бошқа техникалардан ажратиш учун махсус камерадан олинган тасвирлардан фойдаланади. Кейинчалик, тизим автотранспорт воситаси юк билан ёки юксиз ҳаракатланаётганини аниқлайди ва олинган маълумотларни таҳлил учун юборади.

Солиқ қўмитаси солиқ маъмурчилиги самарадорлигини ошириш, шунингдек, солиқ тўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида СИ технологияларидан фойдаланишда имкониятларни кенгайтириб боришни кўзлаган, дейилади хабарда.