Ҳудудларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўтказилган назорат тадбирларида ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб олган корхона ва фермер хўжаликлари аниқланди, дея хабар бермоқда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси.

Маълум қилинишича, Наманган вилояти Норин туманидаги «Б.М.Ф.» МЧЖ норасмий раҳбари Ш. У. ғишт ишлаб чиқариш цехидаги ускуналарни тармоққа ўзбошимчалик билан улаб олган. Бунинг оқибатида 2 миллиард 365 миллион сўмлик (2 млн 128 минг кВт-соат) электр энергиясини ўғирлаган.

Ҳолат юзасидан корхона норасмий раҳбари Ш. У. га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик), 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.

ноқонуний фойдаланиш, электр энергетика

Шунингдек, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларида «И.Н.» ва «Қ.А.» фермер хўжалиги масъул шахслари ер майдонини суғориш учун ўрнатилган сув иншоотларини тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан электр тармоқларига улаган. Натижада 203,9 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.

Шу каби ҳолат Самарқанд вилояти Булунғур ва Жомбой туманларида тадбиркор Д.А., «С.Б.» ва «Т.С.Ҳ.» фермер хўжаликлари томонидан ҳам содир этилган. Жами 245 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳам юқоридаги модда бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 6 ойда 550 млрд 290 млн сўмлик газ ва электрдан ноқонуний фойдаланилган. Ўтказилган назорат тадбирларида 4537 та истеъмолчи қоидабузарлик ҳолатларига йўл қўйган.