Шавкат Мирзиёев 15 июль куни давлат олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари, олий таълим тизимида сифатни ошириш ва халқаро ўқув дастурларини татбиқ этишга оид ҳисобот билан танишди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда 2024/2025 ўқув йили учун ОТМларга кадрлар тайёрлаш давлат буюртмаси режаси бўйича ахборот берилган. Қайд этилишича, бу йил бакалавриатда ҳам, магистратурада ҳам муҳандислик, қурилиш, табиий фанлар, математика, ахборот технологиялари йўналишларига квоталар сони оширилмоқда. Тўлов-контракт асосида қабул давлат ва нодавлат муассасаларга бир хил шартлар асосида, олийгоҳнинг илмий салоҳияти ва моддий-техника базасига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Мирзиёевнинг 2023 йил сентябрь ойида АҚШга ташрифи чоғида эришилган келишувларга мувофиқ, Тошкент шаҳрида Америка технологиялар университети очилиши кутилмоқда.

Унинг фаолияти 2024/25 ўқув йилидан бошланади. Университетда муҳандислик, архитектура ва дизайн, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва молия, халқаро муносабатлар соҳалари учун кадрлар тайёрланади. Битирувчиларга Aризона давлат университети ёки АҚШда тан олинадиган ҳамкор хорижий университетнинг дипломи берилади.

Давлат раҳбари олийгоҳларша умумий давлат буюртмасини тасдиқлаш, бунда мамлакат ривожи ва меҳнат бозори талабларига эътибор қаратиш бўйича кўрсатмалар берди.

У яна бир бор муҳандис кадрларга талаб юқори эканини айтди. Термиз муҳандислик-технология институти ҳамда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтини йириклаштириш орқали Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетини ташкил этиш режалаштирилмоқда, дейилади хабарда.

Бу самарали бошқарув тизимини жорий этиш, такрорланувчи факультет ва кафедраларни қисқартириш, айрим штат бирликларини мақбуллаштириш имконини беради, таъкидлади президент.

Ушбу янги университетда Илғор муҳандислик мактаби ташкил этилади. Унга билими юқори талабалар танлов асосида олиниб, амалиётга йўналтирилган махсус таълим дастурлари асосида ўқитилади. Бу мактабнинг йўналишларига мос саноат ҳамкорлари белгиланиб, замонавий лабораториялар ташкил этилади. Уларнинг таклифлари асосида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, университетнинг бошқарув ва ўқитувчилик лавозимларига хорижий тажрибага эга, илмий ва амалий малакаси юқори мутахассисларни жалб этиш, уларнинг иш самарасини халқаро стандартлар асосида баҳолаш вазифалари қўйилди.

Шавкат Мирзиёев тармоқ, корхона ва олийгоҳ узвийлигини мустаҳкамлаш, ўз соҳасида илғор, рақобатдош мутахассислар тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.