Anglesly food масъулияти чекланган жамияти (Korzinka супермаркетлар тармоғи)га нисбатан иш қўзғатилди, дея хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Қайд этилишича, компания томонидан турли хил усулларда тарқатилаётган реклама ахборотида «кундалик харидларга энг арзон нарх», «энг арзон нарх — Korzinka`да», «…энг унумлисига келинг!» каби фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган жумлалардан фойдаланилган.

Ўрганиш натижасида акция доирасида кундалик эҳтиёжлар учун керак бўладиган маълум бир миқдордаги маҳсулотлардан иборат бўлган каталог жорий қилингани маълум бўлган.

Шунингдек, ушбу каталогга киритилган маҳсулотларнинг нархлари турли супермаркетлар тармоғи ҳамда деҳқон бозорлардаги худди шундай маҳсулотларнинг нархлари бўйича ўтказилган мониторинглар натижасига кўра солиштирилгани ҳамда таққослаш учун ҳар бир товарнинг алоҳида эмас, балки саватнинг (каталогнинг) умумий нархи олингани аниқланган.

«Хусусан, „энг арзон нарх“ деб эълон қилинган маҳсулотларнинг алоҳида турлари бўйича нархлари бошқа супермаркетлар ва деҳқон бозорларида сотилаётган худди шу турдаги маҳсулотлар нархларидан фарқ қилмаслиги кузатилди. Рекламанинг бундай кўринишда бўлиши рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолат дейилиши мумкин», — дейилади хабарда.

Юқоридагиларда «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддаси 1-қисми, шунингдек, «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси 1-қисми талаблари бузилиши аломатлари аниқланган.