Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси ва Миллий гвардия ходимлари ижтимоий тармоқларда сиртлон ўлдирилгани акс этган суратларни ўрганиб чиқди. Вазирлик хабарига кўра, воқеа 2023 йилнинг октябрь ойи охири — ноябрь ойи бошларида вилоятнинг Шўрчи тумани Ободон маҳалласида бўлган.

сиртлон, сурхондарё, экология вазирлиги

Қонунбузар ҳам аниқланди, ҳолат оқибатида табиатга 1 миллиард 60 минг сўм зарар етказилган.

Ходимлар ўрганиш натижасида бир бош номаълум ҳайвоннинг суякларини топди. У қайси ҳайвон турига тегишлилигини ўрганиш мақсадида ташкилотларга жўнатилди. Хулоса олингач, ҳужжатлар чора кўриш мақсадида прокуратура органларига юборилади, дейилади хабарда.

сиртлон, сурхондарё, экология вазирлиги

Жиноят кодексининг 202-моддасига кўра, Қизил китобга киритилган ҳайвонларни нобуд қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ekolog.uz жамоасининг хабар беришича, ўлдирилган сиртлон Ўзбекистонда фақат Сурхондарёда истиқомат қиладиган, ўта ноёб тур саналади. Халқаро ва Қизил китобга киритилган.

Сурхондарё ҳудудида яшайдиган тарғил сиртлон (дўлта) Африкадаги қариндошидан фарқ қилади. У анча йирик ва ёли бор. Гўшт, ўлакса, мева, ҳаттоки оч қолса, ўсимликлар билан ҳам озиқланади. Сўнгги йиллари уларнинг яшаш ҳудудини одамлар томонидан босиб олиб, ўзлаштирилиши, яйловзорга айлантирилиб, чорванинг кўплаб боқилиши натижасида уларнинг сони жуда кам қолиб, бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида, дейилади хабарда.

Тарғил сиртлонларнинг ўлдирилиши биринчи марта эмас, жумладан, олдинлари чўпонлар, маҳаллий аҳоли, браконьерлар томонидан ўлдирилган.

Тарғил сиртлон яшайдиган ҳудуд Табиат миллий боғидан қўриқхонага айлантирилиши, суратдаги кимса эса жазога тортилиши лозим. Зеро шу пайтгача тарғил сиртлонларни ўлдирган фуқаролар жазодан қочиб келмоқда эди. Мазкур шахс албатта топилиб, жазога тортилади, деган умиддамиз, дея қўшимча қилинди.