Капитал таъмирлаш сабаб 20 июлдан 7 августгача ёпилаётган Урганч аэропортидан Нукус аэропортигача бепул трансфер йўлга қўйилади, деб хабар бермоқда Uzbekistan Airports.

Аввал хабар берганимиздек, учиш-қўниш йўлагининг узоқ муддатдан бери ишлаши ҳамда ҳаво кемаларининг қўниши ва учиши хавфсизлигини таъминлаш мақсадида капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Хусусан, узунлиги 3000, эни 16 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги юзасини бутунлай алмаштириш ва мустаҳкамлаш режалаштирилган. Шунингдек, иккинчи ва учинчи юриш йўлаклари капитал таъмирланади.

«Реконструкция даврида барча режалаштирилган рейслар Нукус халқаро аэропортига йўналтирилади», — деб ёзди ташкилот. Йўловчиларга Нукус ва Урганч аэропортлари ўртасида бепул трансфер хизмати тақдим этилади. Автобуслар йўловчиларни жўнаб кетишда ҳам, учиб келишда ҳам манзил аэропортига олиб боради.

Масалан, Урганчдан Москвага HY-9615 рейси билан учаётган йўловчилар Урганч аэропортига соат 23:00 да етиб келишлари лозим. Жадвалга кўра, автобуслар йўловчиларни Урганч аэропортидан соат 23:30 да олиб кетади. Соат 02:30 да йўловчилар Нукус аэропортига етказилади ва у ердан Москвага учишади. Москвадан қайтган йўловчиларни Нукусдан Урганчга етказиш жараёни ҳам худди шундай ташкил этилади. Нукус аэропортида чегара назоратидан ўтиб, юкларни қабул қилиб олган йўловчиларни Урганчга йўл оладиган автобуслар кутиб туради.

Ҳар бир алоҳида йўналиш бўйича тўлиқ автобуслар қатнови жадвалини ушбу ҳавола орқали топиш мумкин. Қўшимча маълумот учун Uzbekistan Airports алоқа маркази телефон рақами — +998 55 501 45 55.