Бир қатор Европа давлатлари Афғонистонда ўз элчихоналарини қайта очиш ва шу орқали Толибонни тан олиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар бермоқда Bloomberg манбаларга таяниб.

Европалик юқори мартабали дипломатга кўра, Брюссель расмийлари тараққиёт лойиҳаларини амалга ошириш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, стратегик мавжудликни ўрнатиш учун Афғонистонда жисмонан ҳозир бўлиш зарурлигини тан ола бошлаган.

Элчихона очишга қизиқиш билдирган давлатлар қаторида Bloomberg Италияни ҳам тилга олди. Агентлик маълумотларига кўра, Рим бир неча ҳафта олдин «разведка миссиясини» ҳам амалга оширган. Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таяни Италия элчиси яқинда Кобулга ташриф буюрганини тасдиқлади. «Биз бу борада ишлаяпмиз, — деди вазир агентликка. — Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар бор. Муаммони ҳал қилиш жуда қийин ва вақт талаб этади».

Испания ҳам Афғонистонга қайтишни истамоқда, унинг Кобулдаги элчиси ҳозирда «хавфсизлик нуқтаи назаридан» Қатарда ишламоқда, дейилади материалда. «Минимал хавфсизлик шартлари яратилиши билан биз элчимизни қайтариб юборамиз», — деди Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Альбарес Bloomberg`га берган интервьюсида.

Франция, Германия ва Буюк Британия расмийлари агентликка яқин келажакда Кобулдаги ваколатхоналари фаолиятини қайта тиклашни режалаштирмаётганини маълум қилган. Bloomberg билан суҳбатда француз расмийси мавжуд ноллик ҳолати «чексиз давом эта олмаслигини» тан олган. Британия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам «хавфсизлик ва сиёсий шароитлар имкон берса, Афғонистонда дипломатик ваколатхона ўрнатиш масаласини кўриб чиқишини» билдирган.

Қўшма Штатлар, ўз навбатида, Толибонни тан олиш ва Кобулдаги элчихонасини қайта очиш ниятида эмас, деди агентликка АҚШ президенти маъмурияти вакили.

Bloomberg`нинг эслатишича, Европа давлатлари 2021 йилда АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилиб, ҳокимиятга Толибон келганидан кейин ўз элчихоналарини ёпган. Бугунги кунда мамлакатда фақат ЕИ ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда.