Марказий банк қурилиш материаллари бозори динамикасининг умумий шарҳини тақдим этди.

Сўнгги йилларда қурилиш соҳаси, хусусан, турар-жой қурилиши сезиларли даражада кенгайди, қайд этди регулятор. Марказий банк томонидан ўтказиладиган истеъмол кайфияти бўйича сўровларга кўра, респондентларнинг 15−20 фоизи уйини таъмирлашга пул сарфлаган ёки таъмирлашни режалаштирган, яна 8 фоизи эса хонадон сотиб олиш ниятида эканини билдирган.

2021−2023 йилларда аҳоли маблағларидан турар-жой бинолари қурилишига 71,8 триллион сўм (6,4 миллиард доллар) инвестиция киритилган бўлиб, бу ҳам ушбу соҳада талаб юқорилигидан далолат беради. Бу, ўз навбатида, ички бозорда таклифнинг ошишига ва қурилиш секторининг ривожланишига олиб келади, таъкидлади Марказий банк.

Январь-июнь ойларида 2 мингга яқин қурилиш корхонаси ташкил этилган бўлса, биринчи ярим йил якунига кўра мамлакатда қурилиш соҳасида 30 мингдан ортиқ субъект фаолият кўрсатмоқда (бу барча хўжалик юритувчи субъектларнинг қарийб 7 фоизини ташкил этади). Шунингдек, хорижий капитал иштирокидаги барча корхоналарнинг 7 фоизи ушбу тармоққа тўғри келади.

кўчмас мулк бозори, марказий банк, қурилиш материаллари

Юқори фаоллик натижасида қурилиш молларининг ички таклиф ҳажми ошиб, нархларни барқарорлашувига ва бирламчи бозорда уй-жой нархлари ўсиш суръатларининг пасайишига таъсир кўрсатмоқда, деб таъкидлади регулятор.

Шу билан бирга, айрим қурилиш моллари таркибида импорт қилинадиган компонентлар устунлик қилмоқда. Гап, хусусан, ёғоч, қора металлар, бўёқ ва лак маҳсулотлари ҳақида бормоқда.

Оддий турдаги қурилиш моллари импортида (портланцемент) пасайиш тенденцияси давом этмоқда.

кўчмас мулк бозори, марказий банк, қурилиш материаллари

МБ жадвалларидан кўриниб турибдики, май ойида уй-жойларни сақлаш ва таъмирлаш учун материаллар инфляцияси йиллик кўрсаткичда 1 фоиздан пастга тушди. Йил давомида цементнинг импорт ва ички нархлари тахминан 15% га камайди, импорт қилинадиган қора металлар (қувурлар, фитинглар) нархи пасайишда давом этмоқда.

Жорий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, қурилиш товарлари учун импорт канали орқали нархларга босим кузатилмаслик эҳтимоли юқори, дея таъкидлади МБ.

кўчмас мулк бозори, марказий банк, қурилиш материаллари

Биз аввалроқ регулятор апрель-июнь ойларида уй-жой битимлари сонининг қисқаришини «бозордаги вазиятнинг барқарорлашуви» билан боғлаётганини ёзган эдик. Марказий банкнинг фикрича, уй-жой савдоси ва ижараси нархларининг ўсиш суръати ўртасидаги тафовутнинг ошиши сотиб олиш ва сотиш нархларининг пасайишига олиб келиши мумкин.