Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида оилавий (маиший) зўравонликлардан ҳимоялаш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан, Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларнинг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг оиладаги (маиший) зўравонлик тўғрисидаги 126−1-моддаси болага нисбатан оиладаги (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик билан тўлдирилмоқда.

Амалдаги нормада эр-хотин ёки оилада бирга яшовчи бошқа шахсларга нисбатан оиладаги (маиший) зўравонлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлсада, бу ҳаракатларни болага нисбатан содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган эди.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 583-моддаси «Оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киришидан олдин берилиши мумкин» мазмунидаги иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Мажлисда қонун депутатлар томонидан қабул қилинди ва маъқуллаш учун Сенатга юборилди.