Ижтимоий тармоқларда қишлоқликларни ҳақорат қилган қизнинг видеоси тарқалди. У қишлоқликларни «жирканч махлуқот» деб атаган.

«Қишлоқликлар одам эмас. Улар жирканчли махлуқот. Тошкентга келиб олиб, ақлли тутишади. Шунақа ёмон кўриб кетаман. Улар қишлоқи бўлиб туғилганига йиғлаши керак», — деган у.

15 июль куни ҳуқуқбузар қизга нисбатан иш жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида кўриб чиқилди. У судда қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, ҳақорат фақатгина бир шахсга қаратилганини айтган.

«Бу воқеа 2023 йилнинг октябрь ойларида бўлган. Битта шахс жонли эфир вақтимда ҳақорат қилган, яъни онадан сўккан, шахсиятимга теккан. Шунинг учун бу сўзларни ўша шахсга нисбатан айтганман. Бу учун тегишли жойларда жавоб бериб бўлганман. Эски видеони кесиб, бўрттирма сўзлар билан тарқатиб юборишди», — деди у судда.

Суд қарори билан қиз Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида (Ҳақорат қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан БҲМнинг 20 баравари миқдорида (6,8 млн сўм) жарима жазоси тайинланди.

«Ногиронлигини инобатга олиб, яъни 20 баравардан 40 бараваргача жарима бўлса, мен бошланғич суммасини жарима қилиб бердим», — деди судья.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Instagram орқали Тошкентга келган вилоятликларни ҳақоратлаган 21 ёшли қиз 15 суткага қамалганди.