Korzinka супермаркетлар тармоғи Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг «энг арзон нарх» ибораси қўлланган реклама билан боғлиқ даъволарига жавобан баёнот билан чиқди.

16 июль куни Korzinka тармоғи бош директори Руд Педерсен қўмита раҳбарияти билан учрашиб, май ойида бошланган «Кундалик харидлар учун энг арзон нархлар» дастури ҳақида гаплашган. Компания буни «вақтинчалик реклама эмас, балки янги нарх стратегияси» деб атади, бу кунлик харидларда товарлар савати учун паст нархларни яратишга қаратилган.

«2024 йил май ойида Korzinka ўзининг нарх сиёсатини ўзгартириш ва мунтазам амалда бўладиган — „Кундалик харидлар учун энг арзон нархлар“ дастурини яратиш йўлида стратегик қарор қабул қилди… Истеъмолчиларга кундалик харидлар учун товарлар саватига барқарор арзон чакана нархларни бир жойнинг ўзида тақдим этиш тармоғимиз мақсадидир. Бу харидлар жараёнини осонлаштиради, қўшимча қулайлик яратади ва, энг аввало, юртдошларимиз рўзғори учун молиявий босимни камайтиришга имкон беради», — дейилади хабарда.

«Биз ўзимиз учун стратегик — биринчи навбатда зарур товарларга энг арзон нархларни мунтазам асосда сақлаб туриш масъулиятини қабул қилдик», дейилади баёнотда. Бунинг учун компания «супермаркетларда ва бошқа чакана савдо нуқталаридаги нархларни мунтазам равишда кузатиб боради».

«„Энг арзон нарх“ каталогида келтирилган товарлар саватчасига энг арзон нархлар белгиланади ва товарларнинг айрим турлари бўйича нархлар баъзан бозорнинг бошқа иштирокчилари билан тенг бўлиши ҳолатлари учраб туриши мумкин. Мониторинг давомида биз бошқа чакана савдо нуқталаридаги мунтазам чакана нархларга эътибор қаратамиз. Рақобатчиларнинг узоқ муддатли давомийликка эга бўлмаган, қисқа муддатли акциялари пайтида улар саватнинг маълум бир алоҳида товарлари бўйича биз билан бир поғонадан жой олишлари мумкин. Бироқ биз шуни қатъият билан маълум қиламизки, ушбу ижтимоий тўплам учун нарх бозорда энг яхшиси бўлиши учун зарур барча чораларни кўрамиз», — дейилади компания хабарида.

Рақобатни ривожлантириш ва истемолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан бўлиб ўтган тингловда Korzinka вакиллари «жамоатчиликни тармоқнинг нархларни шакллантириш сиёсатидаги биринчи навбатда зарур бўлган ушбу маҳсулотларга нисбатан жиддий ўзгаришлар ҳақида хабардор қилганини таъкидлаб ўтган».

«Биз қонунчиликни ҳурмат қиламиз ҳамда реклама, истеъмолчилар ҳуқуқларига оид барча меъёр, қоидаларга риоя қилишда собитқадаммиз ва ҳеч қандай қоидабузарликка йўл қўймадик, деб ҳисоблаймиз», — дейилади баёнотда.

«Биз энг арзон нархлардаги товарлар танловини мунтазам асосда ва ҳар кун таклиф этамиз. Бу маҳаллий чакана савдо маданиятидаги мутлақо янгича ёндашув ҳисобланади ҳамда мижозларимиз ҳаётини нафақат осонроқ, балки қулайроқ, унумлироқ қилади. Ушбу ёндашув маҳаллий бозор учун янгилик эканини ҳисобга олиб, биз қўмитада мазкур вазият бўйича саволлар вужудга келганини тушунишимиз мумкин ва ҳамкорликка очиқмиз, ҳам ўз позициямизни ойдинлаштириш, ҳам ижтимоий масъулиятларни зиммамизга олишдан хурсандмиз», — деди Руд Педерсен.

Korzinka — Ўзбекистондаги энг йирик савдо тармоғи. Компания 1996 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда мамлакатнинг 12 та ҳудудидаги 150 та дўконни ўзида бирлаштиради.