Марказий банк бошқаруви икки компаниянинг лицензияларини уларнинг аризалари асосида чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар қилди регулятор матбуот хизмати.

United Fintech бренди остида фаолият юритган Qulay Pul хусусий тўлов тизими операторининг лицензияси бекор қилинмоқда. 2021 йил 27 ноябрда компания лицензия олиб, Humo ва Uzcard`дан кейин учинчи тўлов тизими операторига айланганди.

Ўша йилнинг декабрь ойида United Fintech асосчилари Spot`га карталар чиқаришни режалаштирмаётгани ва финтех бозорига ўзгартиришлар киритиш ниятида эканини айтганди. Тизимни ишга тушириш бир неча бор қолдирилган, апрель ойида эса МБ унинг фаолиятини олти ойга чеклаганди.

Milliy Pochta To’lovlar компанияси 2020 йил май ойида олган тўлов ташкилоти лицензиясидан маҳрум бўлди. Компаниянинг таъсисчиси UzPost («Ўзбекистон почтаси») бўлиб, у бунгача Avval тўлов тизимини ишга туширишни режалаштирганди.

Май ойида МБнинг Банк назорати қўмитаси Payment Aggregation Systems ва Yurt Pay тўлов ташкилотларининг лицензияларини чақириб олганди. Бунга таъсисчиларнинг компаниялар фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарори сабаб бўлган.