Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги фаоллик апрель-июнь ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан «бироз секинлашди». Бу ҳақда Марказий банкнинг Пул-кредит сиёсати департаменти таҳлилида айтилади.

Ушбу давр учун олди-сотди битимлари сонининг ўсиши кузатилмади ва битимлар сони биринчи чорак даражасида қолди — 80,1 минг шартнома (I чоракда 80,2 минг), қайд этилди шарҳда.

уй-жой бозори, кўчмас мулк бозори, марказий банк

Тошкент шаҳри (-8%), Бухоро (-10%), Тошкент (-12%) ва Навоий (-26%) вилоятларида — ўтган даврларда нархларнинг юқори ўсиши шароитида фаоллик нисбатан юқори бўлган ҳудудларда битимларнинг сезиларли қисқариши давом этмоқда.

Фаолиятнинг секинлашиши, эҳтимол, кўчмас мулк бозоридаги «вазиятнинг барқарорлашуви» билан боғлиқ, дея хабар берди Марказий банк. «Турар-жой бўйича таклиф ошишда давом этмоқда. Нархларнинг мувозанатлашуви шароитида харидорлар томонидан олдинги даврларда сотиб олинган уй-жойлар иккиламчи бозорда сотувга ёки ижарага берилиши бўйича эълонлар жойлаштирилмоқда», — дейилади таҳлилда.

уй-жой бозори, кўчмас мулк бозори, марказий банк

Йил бошидан иккиламчи уй-жойларни сотиш бўйича эълонлар сони 12,7 фоизга, ижарага бериш бўйича эса 18,4 фоизга ошган.

Шу билан бирга, Марказий банкнинг таъкидлашича, талаб даражаси «уй хўжаликлари даромадларининг мақбуллашуви, ипотека кредитлари ўсиш суръатининг секинлашиши, базавий инфляцион жараёнлар ва алмашув курсининг нисбатан барқарорлашуви шароитида мувозанатлашган». Спекулятив талабнинг камайиши бозорнинг тўғриланишига қўшимча омил бўлиб хизмат қилади. Уй хўжаликлари даромадларини нормаллаштириш деганда, катта эҳтимол, регуляторнинг ўзи илгари айтганидек, уй-жой нархида даромадга қараганда секинроқ ўсиш суръати назарда тутилмоқда.

уй-жой бозори, кўчмас мулк бозори, марказий банк

Барқарор инфляцияни ҳисоблашда, одатда, истеъмол нархлари индексининг кучли тарихий ўзгарувчанлиги (масалан, ёқилғи, мева ва сабзавотлар нархлари), аниқ мавсумийлик (масалан, сабзавот ва мевалар нархлари) билан тавсифланган ёки тартибга солинадиган (масалан, спиртли ичимликлар ёки коммунал хизматлар нархлари) субиндекслар чиқариб ташланади.

Ипотека кредитларини мақсадли тақдим этиш шаклида уй-жойларнинг арзонлигини ошириш бўйича давлат дастурлари, шунингдек, Марказий банкнинг макропруденциал чоралари «кўчмас мулк бозоридаги вазиятнинг мувозанатлашиб бориши»ни қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.

МБ маълумотларига кўра, иккинчи чоракда турар-жой кўчмас мулк бозорида нархларнинг сезиларли пасайиши кузатилди. Нархларнинг ойлик ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан пастроқ бўлди. Жорий йилнинг олти ойи давомида иккиламчи бозорда уй-жой нархининг ўсиши сўм индексида 4,5 фоизни (таққослаш учун: 2023 йил январь-июнь ойларида — 11,8 фоиз), бирламчи бозорда — 7,2 фоизни (10,9 фоиз) ташкил этди.

уй-жой бозори, кўчмас мулк бозори, марказий банк

2023 йилнинг иккинчи ярим йиллигида кузатилган юқори нарх эффектининг сақланиб қолаётганлиги таъсирида йиллик ҳисобда уй-жой нархлари ўсиши июнь охирида сўм индексида 26,3 фоизни (доллар ҳисобида — 14,7 фоиз) ташкил этди. Бирламчи бозорда нархларнинг ўсиш суръатлари нисбатан барқарорлигича қолмоқда. Йиллик ҳисобда бирламчи бозордаги нархлар сўм эквивалентида 35 фоизга, доллар эквивалентида 22,5 фоизга ошди, дея қайд этди МБ.

Турар-жой ижараси бозоридаги фаоллик жиловланиб, йил бошидан буён нархларда пасайиш динамикаси сақланиб қолди. Жумладан, Тошкент шаҳрида турар-жой ижараси нархлари қолган ҳудудларга қараганда нисбатан тезроқ пасаймоқда. Республика бўйлаб турар-жой ижара нархлари йиллик суръатда июнь ойида сўм индексида 12,3 фоизни (доллар индексида — 2,1 фоиз) ташкил этди. Тошкент шаҳрида турар-жой нархининг сўм индекси йиллик 1,2 фоизга пасайди (доллар индексида — -10,3 фоиз).

уй-жой бозори, кўчмас мулк бозори, марказий банк

«Шунингдек, турар-жой харид қилиш ва уни ижарага бериш нархларининг ўсиш суръати ўртасидаги тафовут кенгайишда давом этиб, келгусида бу талабнинг узоқ муддатли ижарага ўтиши туфайли мулк қийматининг ўсишини мувозанатлаштириши мумкин», — дейилади МБ таҳлилида.

уй-жой бозори, кўчмас мулк бозори, марказий банк

Иккинчи чоракда ер нархларининг динамикасида тўғриланиш кузатилди. Тошкент шаҳрида июнь ойида 1 сотих ер нархи йиллик 25,7 фоизга ошиб, 342 миллион сўмни ташкил этди. Таққослаш учун: апрель ойида нарх 364 миллион сўмга етган.

Аввалроқ Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази йил бошидан буён кўчмас мулк бозорида сотувлар 5,7 фоизга қисқаргани ҳақида хабар берган эди. Тошкентда иккиламчи уй-жой нархининг ўсиши секинлашган, унинг нархи бир квадрат метр учун 1142 долларгача тушган. Пойтахтда ижара нархи пасайишда давом этмоқда.

Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонда ипотека кредитлари ҳажми қарийб 2 фоизга — 6,88 трлн сўмга, олувчилар сони эса 17,3 фоизга қисқарди. Шу билан бирга, ажратилган ипотека кредитларининг ўртача миқдори ва банк фоиз ставкалари ҳам ошди.