Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида 2023 йил май ойидан 2024 йил январигача Чирчиқ дарёси ўзанига юк машинасида ўзбошимчалик билан чиқинди ташлаб келиб, тўғон кўринишидаги чиқиндихона ҳосил қилган шахсга нисбатан ҳукм чиқарилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Давлат экология инспекторлари чиқиндихонани январь ойида ўтказган рейд давомида аниқлаган. Фуқаро М.Д. кўп марта огоҳлантирилишига қарамай, ўзбошимчалик билан қурилиш чиқиндиларини ташлашда давом этган.

чиқиндилар, чирчиқ дарёси, экология

Судда М.Д.нинг тоифаланган ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини бузиб, ноқонуний чиқиндихона ташкил қилгани, ҳудудга чиқиндиларни маълум маблағ эвазига жойлаштириб келгани ўз исботини топди.

Аниқланишича, у дарё тубига жами 126,4 минг куб метрдан ортиқ чиқиндиларни ташлаб, табиатга 3,068 миллиард сўмлик зарар етказган. М.Д. «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонунларни ҳам қўпол равишда бузган.

Суд ҳукми билан жиноятчи 3 йил 9 ойга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, ундан давлат фойдасига 3 миллиард 680 миллион сўм товон ундирилади.