Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди. Қонун лойиҳаси 23 апрель куни биригнчи ўқишда қабул қилинганди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кичик ҳажмли электр двигателли транспорт воситаларини ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларини (скутер, мопед, велосипед) бошқариш вақтида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Шунингдек, фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳолат муайян қисқа муддат давомида қарор қабул қилинмаган тақдирда, ҳуқуқий оқибатини келтириб чиқармаслигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган ҳолларда транспорт воситасининг мулкдори тўғрисида маълумот мавжуд бўлмаса, шунингдек махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар жарима солиш тўғрисида қарор чиқаришга ваколатли бўлган мансабдор шахсга (ҳуқуқбузарга эмас) 48 соат ичида юборилмаган бўлса ишни кўриб чиқиш тугатилиши ҳақидаги норма билан тўлдирилмоқда.

Бундан ташқари, кодекснинг 283-модданинг биринчи қисми қуйидагича баён этилмоқда. Унга кўра, агар фуқаро ўзи содир этган ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирмаса ҳамда унга жойнинг ўзида солинадиган жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан ошмаса, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайди. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун, жарима миқдоридан қатъи назар, маъмурий баённома тузилади.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситалари томонидан содир этилган қоидабузарликлар юзасидан юритилган маъмурий ишларни ортиқча қоғозбозликдан воз кечган ҳолда тугатиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Мажлисда қонун депутатлар томонидан қабул қилинди ва маъқуллаш учун Сенатга юборилди.