2024−2025 ўқув йилида олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш синовларида ҳуқуқшунослик фанларидан берилган тестлар юзасидан эътирозлар билдирилмоқда.

«ЎзБМБ (ДТМ) яна эски даврга қайтяптими?»

Telegram`даги Xushnudbek.uz каналида тестнинг илк кунида ҳуқуқ фанидан имтиҳонга кирган абитуриентлар дарсликларда мавжуд бўлмаган маълумотлардан, хусусан, кодекс ва қонунлардан тузилган саволлар борлигидан шикоят қилгани ҳақида сўз борди.

«Кеча тестга кирган абитуриентларнинг айтишича, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда қайсидир қилмишга қанақа жазо назарда тутилган деган саволлар ҳам тушган эмиш. Яъни санкция қисмини сўрашибди. Агар бу гап рост бўлса, агар тестда бир донагина бўлса ҳам шунақа савол тушган бўлса, унда бу шармандаликдан бошқа нарса эмас. Бунақа савол тузган экспертни бутун умр «қора рўйхат»га тиқиб, ҳеч қачон тестларга яқинлаштирмайдиган қилиш керак», — деб ёзди Хушнуд Хуёдбердиев.

Билимни баҳолаш агентлиги муносабати

Агентликнинг таъкидлашича, ҳуқуқшунослик фанларидан тест топшириқлари амалдаги ДТС ва ўқув дастурлари асосида шакллантирилган бўлиб, уларни тузишда президент қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқилган.

Абитуриентлар олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларига тайёргарлик кўришлари учун ўқишга тавсия этилган дарсликлар ва ўқув адабиётлар рўйхати ҳам агентлик сайтида жойлаштирилган. Ҳуқуқшунослик фанлари бўйича тест топшириқлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни инобатга олган ҳолда шакллантирилиши, қонун ҳужжатларига белгиланган тартибда ўзгартириш киритилганда қонуннинг асл манбаи (lex.uz)га мурожаат қилиниши бўйича ҳам маълумотлар эълон қилинган, дейилади агентлик баёнотида.

«2024−2025 ўқув йили қабули тест синовларида фойдаланилган ва абитуриентларнинг эътирозига сабаб бўлаётган тест топшириғида Ўзбекистон давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш ёки ота-оналар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида сўралган. Шу каби тест топшириқларини шакллантиришдан мақсад айнан ҳуқуқшунослик йўналишини танлаш истагида бўлган абитуриентларнинг шу соҳада умумий ўрта таълим мактабида ва академик лицейларда олган билимларини синаш, қолаверса, бу билимларни кундалик ҳаётда дуч келадиган мисоллар орқали қай даражада татбиқ қила олишларини аниқлашдан иборат», — дея тушунтирилади хабарда.

Агентлик, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича шакллантириладиган тест топшириқлари бутун ҳужжат асосида эмас, балки ўқув дастурида келтирилган қисмидан тузилиши, шунга кўра, ҳуқуқшунослик фанларидан тест топшириқларини шакллантиришда ҳам амалдаги ДТС ва ўқув дастурларидан четга чиқиш ҳолатлари бўлмаганини билдирди.