Президенти Шавкат Мирзиёев атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли (1824−1878) таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ҳужжатда қайд этилишича, Ажиниёз «ўзининг бетакрор ва сермазмун ижоди билан маданият ва адабиётни ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик ва эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва оғизбирчиликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган. Ҳассос шоирнинг шеър ва достонларида акс этган гуманистик фалсафий қарашлар эл-юрт қалбидан чуқур жой эгаллаган».
Хивадаги Шерғозихон ва Қутлимурод иноқ мадрасаларида таҳсил олган «бу улуғ сиймо нафақат мамлакатда, балки бутун минтақада халқчил шоир, етук муаллим ва устоз, моҳир хаттот сифатида шуҳрат қозонгани айниқса эътиборга моликдир. Унинг гўзал асарлари туркман, қозоқ, қирғиз ва бошқа қардош халқлар томонидан ҳам севиб ўқилмоқда», дейилади қарорда.
Шоир ва мутафаккир таваллудининг 200 йиллигини нишонлаш ЮНЕСКОнинг халқаро юбилейлар режасига киритилгани ҳам унинг ижодий мероси умумбашарий аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради, дейилади ҳужжатда.
Қарор билан бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита ташкил этилди. Қўмита шоир таваллудининг 200 йиллигини нишонлаш ва унинг ижодий меросини кенг тарғиб этиш бўйича чора тадбирлар дастурини тасдиқлайди.
Унинг «Танланган асарлар» тўпламини ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашр қилиш, ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб яратилган бадиий, илмий-оммабоп асарларни қайта чоп этиш ва тақдимотларини ўтказиш режа қилинмоқда.
Давлат буюртмасига биноан саҳна асарлари ҳамда «Ажиниёз» бадиий-публицистик фильмини яратиш ва уларнинг тақдимотларини уюштирилади.
Нукус шаҳрида шоир ижодига бағишланган «Айт, сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан» мавзусида ёш ижодкорларининг танлови, ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида Ажиниёз Қўсибой ўғли ҳаёти ва ижодига бағишланган иншолар танлови ўтказилади.
Сентябрь ойида Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залида Ажиниёз Қўсибой ўғлининг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар, тасвирий санъат асарлари ва халқ амалий санъати намуналари кўргазмаси бўлиб ўтади.
Октябрь ойида Қорақалпоқ давлат университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ажиниёз Қўсибой ўғлининг адабий меросини ўрганиш мавзусида халқаро илмий-амалий конференциялар уюштириш режалаштирилмоқда.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида шоир музейини ташкил қилинади.
Ноябрь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик театрида Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигига бағишланган тантанали адабий-бадиий хотира кечаларини ташкил этилади.
Бундан ташқари, Ажиниёз Қўсибой ўғлининг Мўйноқ туманидаги қабрини ободонлаштириш ва унга ёдгорлик ўрнатиш, мазкур туманда Ажиниёз Қўсибой ўғли номидаги экопарк барпо этиш режа қилинмоқда.